Cудьянинг масъулияти ҳаллолиги ва фаоллигида акс этади

16 Февраль 2022 15:46 1223 Чоп этиш

Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси

 Судьялар олий кенгаши раиси

 

 

СУДЬЯНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ҲАЛЛОЛИГИ ВА ФАОЛЛИГИДА АКС ЭТАДИ

 

Ёхуд кечиккан адолатнинг ҳам маънавий, ҳам моддий товони бор

 

 Давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш”  етти устувор йўналишнинг бири сифатида  қайд этилди.

Дарҳақиқат шундай: адолат ва қонун усуворлигисиз тараққиётга эришиб бўлмаслиги аён.

Шунингдек, фуқаролар тинчлиги ва тотувлиги ҳам ижтимоий адолат барқарорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса тўғридан-тўғри суд ҳокимиятининг вазифасидир. Чунки, суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган (“Судлар тўғрисида”ги қонун, 4-модда). Судьялар эса қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслар бўлиб, уларнинг барчаси (туман суд судьясида то Олий суд раисигача) бир хил мақомга эгалиги сабаби ҳам шунда.

Ҳар соҳа, ҳар касбнинг ўзига яраша машаққати ва масъулияти бор, албатта.  Судьянинг зиммасидаги масъулиятэ са ҳазилакам залворга эмас. Бежиз уларга нисбатан нафақат хизмат пайтида, ҳатто хизматдан ташқари пайтларида муайян чекловлар қўйилмаган. Негаки, судьянинг ҳатто хизматдан ташқари пайтдаги билиб-билмай қилган ҳам хатти-ҳаракати суднинг нуфузига салбий таъсир кўрсатади. Ҳар қандай жиноят, фуқаролик ёки оммавий маъмурий ҳамда иқтисодий низоларга айнан судда нуқта қўйилади, шунинг учун ҳам судьялар ўзининг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.

 Янги Ўзбекистон, янги давр судьядан нафақат қонунни ва уни қўллашни яхши билиш, балки юксак маънавиятга эга инсон бўлишни ҳам талаб этади. Зеро, маънавиятли инсонгина масъулиятни чуқур ҳис этади. Масъулият чуқур ҳис этилган жойда адолатга озор етмайди. Судья бирор ишни кўриб ҳукм ёки қарор чиқарар экан,  қабул қилаётган суд ҳужжати инсон тақдири билан боғлиқ эканилигини доимо ёдда тутиши лозим.  “Ишни бугун бўлмаса, эртага кўраман, хато қилсам, юқори суд тузатар, иш ҳажми кўп, хатолик сабаб бор, вазифамни баҳоли кудурат бажаряпман-ку?” дея фикр юритадиган судья қаттиқ янглишади. Бу ўта масъулиятсизликдан, бошқалар тақдирига бефарқликдан далолат беради. Судья ҳар бир ишга юксак масъулият билан ёндошиши, керак бўлса, ўзини судланувчи, жабрланувчи ёки жавобгар ёинки  маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланаётган шахс ўрнига қўйиб кўриши лозим. Шундаги йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликлар олди олинади.

Суддаги адолат  судьянинг қонуний, асосли ва адолатли қарорига боғлиқ экани тўғри. Бироқ  суддаги том маънодаги адолат шу билангина  чекланмайди. Суд ишларини вақтида кўриш, одамларни ортиқча овора қилмаслик, суд қарорини ўз фурсатида ижрога  қаратиш каби масалалар замирида ҳам ижтимоий адолат омиллари ётади. Зеро, ишни белгиланган вақтда кўрмай бошқаларнинг вақти зое кетишига сабабчи бўлиш ўша инсонга нисбатан қилинган адолатсизлик ҳисобланади. Суд қарорини вақтида ижрога қаратишни турли сабаблар билан пайсалга солиш хусусида ҳам шундай фикр айтиш мумкин.  Чунки, инсонларга адолат бугун керак. Кечиккан адолатнинг ҳам маънавий, ҳам моддий товони бор. Судьянинг олий мақомига яраша ижтимоий муҳофазаси, таъминотини таъминлаб қўйилган экан, машаққатларни мардона енгиши лозим. Судьяликнинг масъулияти ҳам, шарафи  ҳам шунда, аслида. 

Гап адолат, судьялар масъулияти,  судлардаги одиллик ҳақида борар экан, яқин ўтмишга назар ташлайлик: ўн йилни қўятурайлик, беш йил наридаги ҳолат қандай эди? Ҳозиргига таққосланганда ер билан осмонча десак, бироз муболаға бўлар, аммо кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллиги таъминлаш ва ижтимоий муҳофазаси борасида тарихий ишлар амалга оширилгани айни ҳақиқат. Юк кўтарган юзага чиқади, деган ҳикматни  судьялик қасамёдига содиқ ҳамкасбларимиз ҳалоллиги ва фаоллиги билан исботлаб қўйдики, бугун юзлари ёруғ, меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилмоқда...

 Бугун давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани маълум. Суд ҳокимияти ҳам бундан истисно эмас. Аксинча, суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларда тизимда очиқлик ва шаффофлик алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, мавжуд қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини таъкидлаган ҳолда давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрь куни имзолаган ПФ-6127-сонли фармонини алоҳида тилга олиш шарт. Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга  доир қатор чора-тадбирлар белгиланган мазкур фармон судьяларнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш баробарида масъулиятини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Оддий мантиқ: очиқлик ва шаффофликсиз на тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиб бўлади, на фуқароларнинг судга нисбатан ишончини ошириш мумкин.  

Шу ўринда яна икки оғиз мулоҳаза.

Жамоатчиликка маълум, кейинги пайтда Судьялар олий кенгаши  нафақат лавозимидан озод этилган, балки интизомий жавобгарликка тортилган судьялар ҳақида ҳам ахборот бериб бормоқда. Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари бири очиқлик экан (“Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгаши тўғрисда”ги қонун, 4-модда) бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Очиқ ахборот беришдан мақсад тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдан ташқари судьяларнинг масъулиятини янада ошириш  мақсади ҳам бор. Бироқ буни фалон ишни кўрган фалончи судья интизомий жазога тортилди, дея нотўғри талқин қилиш,  ёки судьяга нисбатан ҳурматсизлик деб тушунмаслик лозим (таассуфки, ижтимоий тармоқларда шундай ҳолатлар кузатилмоқда). Ваҳоланки,  ўша судья  ўзи қабул қилган суд ҳужжати қонунийлигига таъсир кўрсатмайдиган бошқа сабаб кўра, масалан, Судьялик одоби кодекси талабларини бузгани ёки ишни ташкил этишда муайян камчиликларга йўл қўйгани боис интизомий жазога тортилган бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқлардаги бир томонлама талқинлар  айрим судьялар ҳақида нотўғри тасаввурлар пайдо бўлиши эҳтимолини юзага келтириши эътиборидан шу ўринда муҳтарам журналист ва блогерларни холисликка чақириш фойдадан холи бўлмас. 

Янги Ўзбекистон барпо этилаётган ҳозирги пайтда очиқлик, шаффофлик қатори сўз эркинлиги қанчалар муҳим бўлса, одил судловни амалга оширувчи судьяларнинг дахлсизлиги ундан кам аҳамият касб этмайди. Зотан, масъулият барчага бирдек тааллуқли.

(Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,

2022 йил, 16 февраль, 34(556)-сон)



Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech