10 март – Халқаро аёл судьялар куни
НОЗИК ЕЛКАДАГИ ОҒИР МАСЪУЛИЯТ
Жамият тараққиётда аёлларнинг азалдан муносиб ўрни борлиги айни ҳақиқат. Бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини хотин-қизларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон судьяларининг 16 фоизини хотин-қизлар ташкил этада. Уларнинг қарийиб 20 фоизи раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши ҳузурида алоҳида “Аёл судьялар клуби” ташкил этилиб, уларнинг ўзаро самарали мулоқт қилиши ва фикр алмашишлари учун махсус электрон платформа ҳам ишга туширилган. Шу ўринда ўтган йили Кенгаш ташаббуси билан тизим тарихида биринчи марта “Ўзбекистон аёл судьялари” журнали икки тилда чоп этилганини ҳам тилга олиш жоиз. Ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган мазкур журнал дунё ҳамжамиятига юритимизда фаолият кўрсатаётган аёл судьялар ҳақида етарлича тасаввур берди.
Судьялар орасида аёллар улушининг ортиши, ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо бериш учун шароит яратади. Зеро, судья аёл ўзи ҳал этадиган муайян ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, суд тизимида хотин-қизларнинг иштирок этиши гендер тенгликни таъминлаш, нозик жинс вакилаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, масалан, уларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги ишларни кўришда самарали ҳисса қўшиши мумкин. Аёл-судьяларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги камситишлар билан боғлиқ барча тоифадаги ишларни кўриб чиқишда иштирок этишлари жуда муҳим ҳисобланади.
CEDAW Қўмитасининг 33-сонли умумий тавсиялари, шунингдек, плюралистик одил судлов механизмлари фаолияти устидан назорат ўрнатиш, унинг натижаларини баҳолаш ва тегишли ҳисоботларни тақдим этиш билан шуғулланувчи органларнинг фаолиятида тенглик асосида ва барча даражаларда хотин-қизлар иштирокини таъминлашни назарда тутади.
Умуман олганда, суд органларида аёлларнинг фаолият кўрсатиши ҳуқуқий тизимнинг бутун жамият манфаатларини кўзлаб ривожланишини таъминласа, бошқа томондан бўлғуси аёл-судьяларнинг ўз мақсадларига эришиш учун доимий рағбат сифатида хизмат қилади.
Шу муносабат билан БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелидаги 75/274-сонли резолюциясига асосан 10 март “Халқаро аёл судьялар куни” деб эълон қилиниши бежиз эмас. Қатар давлатининг ташаббуси билан қабул қилинган мазкур Резолюция турли ҳудудларда бу соҳада ижобий силжишлар бўлганлигидан далолат беради. Мисрлик халқаро адвокат Омния Гадалла “...суд органларида аёл судьяларнинг мавжуд эмаслиги қонун устуворлигини таъминлашга нафақат салбий таъсир кўрсатади, балки келажак авлод учун ижтимоий оқибатларни вужудга келтиради”, дея таъкидлайди.
Халқаро юристлар ассоциацияси томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, суд органларида хотин-қизларнинг камлиги гендер стереотиплари билан боғлиқ. Ушбу тадқиқотларда иштирок этган аёл судьялар томонидан судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ошкораликни таъминлаш орқали ушбу масалани ҳал қилиш мумкинлиги юзасидан ўз таклифларини билдиришган.
Халқаро аёл судьялар бирлашиши эса бир-биридан ҳаётий тажрибани ўрганиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим восита ҳисобланади. Бу жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омилларидан биридир.
Маликахон Каландарова ,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий
кенгаши судьяси, юридик фанлар номзоди, доцент,