Иллатни бирлашиб енгилади, бошқа йўли йўқ
Адвокат А. Абдуллаевнинг “Телеграм” мессенжеридаги “Yuristkadr” каналида эълон қилинган “Уйғоқ адвокатлар ҳам бор...” мақоласининг умумий мазмунига қўшилиш мумкин. Чунки, муаллиф тизимдаги коррупцияни бартараф этиш, унга сабаб бўлаётган омилларнинг олдини олиш ҳақида анча куйинчалик билан ёзади. Зеро, Судьялар олий кенгаши фаолиятининг устувор йўналишларидан бири шу - айни иллатнинг барвақт олдини олиш ҳисобланади. Модомики, мақсад – бир, ният – муштарак экан, билдирилаётган фикрлар асосли, энг муҳими, холис бўлиши керак. Мақолада эса, ният қанчалар некбин бўлмасин, унинг ифодасида бирёқламалик шундоқ кўриниб турибди.
Муаллиф фикри мазмунига кўра, гўёки “ўртакаш” адвокатлар пайдо бўлишига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг (жумладан, судьялар ҳам) ўзи айбдор, улар ўз вазифаларини қонун доирасида ва виждонан бажарса, уларга (“ўртакашлар”га) ҳожат қолмасди. Бир қарашда фикрда жон борга ўхшайди. Рост, тизимда таъмага берилаётганлар йўқ, деб баралла айтиш қийин ҳозир. Бироқ Кенгаш бунга томошабин бўлиб тургани ҳам йўқ. Аччиқ тажриба кўрсатяптики, айбсиз эмас, айби борлар муроди ҳосил бўлиши учун “одам” қидиради. Яъни, аксарият ҳолларда пора талаб қилинмайди, балки таклиф этилади. Борди-ю бирор манфаатпараст тизим ходими таъма қилишга тушса, тегишли органга мурожаат қилишга ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ, ҳақиқат шуки, судьянинг таъма қилиш ҳолати бўйича айнан адвокатларнинг Кенгаш суд инспекциясига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат этиш ҳолатлари йўқ даражада. Аксинча, улар орасида “ишингни “гаплашиб”, ҳал қиламан!” дея суднинг номини сотиб, алал-оқибат жиноий жавобгарликка тортилиш ҳолатлари кўпаяётгани жиддий хавотир уйғотмоқда.
Коррупция нафақат битта тизимнинг, балки жамиятнинг оғриқли муаммоси ҳисобланади. Суддаги коррупция эса, бир блогер тўғри таъкид этганидек, энг қўрқинчлисидир. Шундай экан, мазкур иллатга қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш битта органннинг эмас, барчанинг умумвазифасига айлансагина кутилган натижага эришиш мумкин. Қуруқ баҳс, ижтимоий тармоқлар орқали “тош отиш” билан мақсадга эришиб бўлмаслиги аён. Муаммо реал ва аниқ ҳаракатлар билан барҳам топади. Бунда адвокатура институти вакилларидан яна-да фаоллик кутилаётгани рост.
Муаллифнинг Олий суд ёки Кенгаш узоқ вақтдан кейин ўзгарган ёки бекор бўлган ва бўлаётган суд қарорлари ўзгариш ва бекор бўлиш сабабларини таҳлил қилиши керак эмасми, мазмунидаги иддаолари ҳам ўта баҳсталаб. Чунки, бу борадаги ишлар изчил олиб борилаётгани натижасида керакли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Натижада мавжуд қонун ва ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, айрим ҳолатларларда Олий суд пленуми қарорлари қабул қилинаётгани ҳам жамоатчиликка маълум. Айнан шундай таҳлил ва ўрганишлар натижасида қатор судьяларга нисбатан интизомий чоралар кўрилаётирки, бу ҳақдаги ахборотларни “қуруқ” хабарлар билан чекланиш” деб баҳоламоқ инсофдан эмас. Зотан, лавозимига нолойиқлиги ёки фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун турли интизомий жазога тортилаётган судьяларнинг номма-ном жамоатчиликка эълон қилиш амалиётини Кенгашдан бошқа органларда деярли учратмайсиз. Бу ҳам тизим вакилларини янада хушёрликка чақириш орқали иш сифатини ошириш ҳамда эҳтимолий муаммолар олдини олишга қаратилга чоралардан бири, аслида.
Яна бир гап. Муаллифнинг “бир судьяни билиши”, унинг “апелляция инстанциясида кўрган жиноят ишларининг деярли барчаси бўйича суд қарорлари кейинчалик ўзгарган ёки бекор бўлгани”га қарамай ҳамон ишлаб келаётгани оид иддаолари аниқликни талаб этади.
Ушбу масалада у Кенгашга мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Мурожаат тегишли татибда кўриб чиқилади ва жавоб берилади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати