Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
Б А Ё Н О Т И
Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов “Telegram” мессенжеридаги “Soyadagi siyosatchilar” каналидаги чиқишида куни кеча олтинчи чақириқ халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессияси бўлиб ўтгани, унда фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг 2021 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар юзасидан берган ахбороти “депутатлар томонидан қониқарсиз деб баҳолангани”ни маълум қилади.
“Судлар тўғрисида”ги қонунга (41-модда) кўра, туман (шаҳар), туманлараро судлари раислари фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари маҳаллий кенгашига бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши белгиланган. Шундан келиб, жорий йилнинг 17 март куни олтинчи чақириқ Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессиясида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг ахбороти эшитилади.
Шу ўринда эътиборда тутиш шартки, суд раислари ҳисобот эмас, ахборот беради. Унинг ахбороти муҳокама қилинмайди, балки маълумот учун қабул қилинади. Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг 26-сессиясида ҳам фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг ахбороти эшитилиб, маълумот учун қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Кўринадики, депутат Ж. Жияновнинг “Депутатлар суднинг ахборотини қониқарсиз деб баҳолади”, дея ижтимоий тармоқда бонг уриши ҳақиқатга тўғри келмайди. Иккинчидан, у нафақат ўзининг, балки бошқа ҳамкасблари номидан суд раиси ахборотини қониқарли ёки қониқасиз, дея баҳолаш ваколатига эга эмас. Чунки, айтиб ўтилганидек, суд раисининг ахбороти муҳокама қилинмасдан, балки ахборот учун қабул қилинар экан, маҳаллий кенгаш депутатларининг қандай позицияда эканининг ҳуқуқий аҳамияти йўқ.
Зотан, суд ҳокимияти мустақил бўлиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган суд ҳужжатлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди, судьяларнинг хатти-ҳаракатларига эса Судьялар олий кенгашигина тегишли баҳо бериши мумкин. Шу маънода фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро суди раисининг 2021 йилдаги фаолиятини ўзича “қониқарсиз” баҳолаган депутатнинг айни масала бўйича маҳаллий кенгаш юқори турувчи судга “маълумот киритилишига умид қилиши” қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан яхши хабардор эмаслигига далолат қилади.
Баён этилганларга кўра, Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати депутат Жаҳонгир Жияновнинг “Soyadagi siyosatchilar” каналидаги чиқишини ҳуқуқий тартиб-тамойилларни тўғри тушунмаслик, бунинг оқибатида нотўғри ахборот бериш орқали жамоатчилик фикрини чалғитишдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблайди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати