Аввал ўрганиб, кейин иддао қилмоқ лозим!

30 Март 2022 15:05 1337 Чоп этиш

«Telegram» мессенжеридаги айрим каналларда Бош прокуратурада ўтказилган йиғилишга (кун тартиби акс этган ички ҳужжат нусхасини илова илова қилган ҳолда) суд раислари  ҳам чақирилгани дастак қилиниб, бу ҳолат суд ҳокимияти мустақиллиги принципларига зид экани ҳақида иддаолар қилинмоқда.

Билдирилаётган мулоҳазалардаги суд ҳокимияти мустақил, судьялар ҳар қандай ташқи таъсирлардан холи бўлиши шартлигига оид фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ, албатта. Дарҳақиқат, шундай бўлиши керак ва бўляпти ҳам. Бироқ масала моҳиятини тушунмай, воқеликни нотўғри талқин этган ҳолда ҳиссиётгларга берилиб айтилган бошқа фикрларга наинки қўшилиб, балки тоқат қилиб бўлмайди.

  Хусусан, бундай йиғилишларга “суднинг нима алоқаси бор?”,  бунақа мажлисларда иштирок этилар экан, “...эртага оддий одамлар судга қандай ишонч билдиради?”, нима, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари “судьяларга ҳам топшириқ берадими?”  мазмунидаги писандалар оддий ахлоқ меъёрларига риоя қилмай айтилиши, жуда юмшоқ айтгандай, одобдан эмас.

Қайд этилган йиғилишда аниқ жиноят, фуқаролик, иқтисодий ёинки маъмурий иш муҳокама этилмагани кундай равшан. Хабарга илова қилинган ички ҳужжат нусхасида аниқ кўриниб турганидек, унда суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлаш жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этишга оид масалалар муҳокама қилинган. Яъниким, такрор айтамиз, йиғилишда суд қарорлари қонунийлиги эмас, балки уларнинг ижросига доир масала  ва унинг ечимлари хусусида бош қотирилган.  Бундай муҳокамаларда  бошқа мутасадди органлар қатори суд раисларининг иштироки  суд ҳокимияти мустақиллги принципларига соя солмайди. Аксинча, пировардида,  жамоатчиликнинг судга бўлган ишончини оширади. Чунки, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш одил судлов мавқеи билан бевосита боғлиқ масала. Қарор ижроси билан гўзал, деган  гап бежиз айтилмаган, демакки, йўқ жойдан ваҳима  кўтаришга асос йўқ.

Маҳаллий ҳокимият йиғилишларига суд раислари таклиф этилиши ёхуд халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида улар берган ахборот муҳокама этилиши баъзан учраб тургани рост. Бу ҳуқуқий маданиятга боғлиқ бўлиб, қонунчилик тарғиботини янада кучайтиш масаласи долзарблигича турганини кўрсатади. Умумманфаатга хизмат қиладиган бундай ишларга наинки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул, балки жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга  бурчлиман деган ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Жумладан,  прокуратурада ўтган йиғилиш ҳақида бонг урган муҳтарамлар ҳам. Иккинчидан, Судьялар олий кенгаши бу борада ҳаракатсизликка йўл қўяётгани  ҳақидаги писандлар асоссиздир.  Ўтган йилнинг ўзида судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашларнинг олдини олиш борасида  Кенгаш раиси киритган тақдимномалари натижасида иккита жиноят, иккита маъмурий иш қўзғатилиб, айбдорларга тегишли жазо тайинланди. Шу йилнинг ўзида Кенгаш матбуот хизмати томонидан судьялар дахлсизлиги бузилиши эҳтимолини юзага келтирилаётган ҳолатлар бўйича уч марта баёнот берилди.

Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётганига эса таъкид шарт эмас.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech