Эътироз ўринли, бироқ...
“Effect.uz” сайтида эълон қилинган фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида кўриб чиқилаётган низо, бу жараёнда судьянинг хатти-ҳаракатларига оид видеоматериалдаги битта эътироз қўшилиш мумкин. Яъни, таъкид этилганидек, судья ишни ўз хизмат хонасида эмас, балки суд залида кўриб чиқиши керак. Бироқ судьянинг суд мажлисини ўз хизмат хонасида ўтказгани унинг ўз ташаббуси ёки хоҳиши эмас, вазият тақазоси эканини ҳам таъкидлаш лозим. Негаки, фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон туманлараро судида 7 нафар судья фаолият кўрсатади, суд биносининг фуқаролик судига ажратилган қисмида битта суд мажлиси зали мавжуд.
Ўша куни (21 апрель) суд мажлиси зали банд бўлгани (у ерда видеоконференцалоқа режимида бошқа суд мажлиси ўтказилаётган эди) сабаб тарафларни куттириб қўймаслик ва ишни кўриб чиқиш муддатига риоя қилиш учун судья суд мажлисини ўз хизмат хонасида ўтказишига тўғри келади.
Судьянинг бундай хатти-ҳаракати мавжуд тартибга формал риоя этмагани кўринса-да, бироқ тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келмаган.
Журналистнинг суд мажлисини видеотасвирга олиш тўғрисидаги илтимосномаси тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда раислик этувчи томонидан рад қилиниши процессуал тартиб бўлиб, буни журналистга босим ўлароқ талқин этилиши нотўғри.
Аксинча, ҳали суд қарори чиқмаган (!) иш бўйича оммавий ахборот воситасида бонг уриш, унда тарафларнинг бирига сўз бериб, гўёки судьянинг нохолислик қилаётгани ҳақида гапларини бемалол эълон қилиш – мана шуни судга таъсир ўтказишга уриниш дейиш мумкин, аслида?!
Яна бир гап. Куни кеча (“Effect.uz” сайтида юқорида қайд этилган виеоматериал эълон қилинганидан бир ўтиб) фуқаролик низоси бўйича суднинг ҳал қилув қарори эълон қилинди. Қарордан норози тараф тегишли тартибда юқори суд инстанциясига шикоят қилиши мумкин.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати