Халқаро конференцияда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари алоҳида эътироф этилди
Жорий йилнинг 6-7 май кунлари Чехия Республикасининг пойтахти Прага шаҳрида Марказий ва Шарқий Европа юридик институти (CEELI Institute) томонидан ташкил этилган “Суд ҳокимиятига жамоатчилик ишончини шакллантириш: суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш истиқболлари” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Судьялари ҳамжамиятининг икки вакили - Судьялар олий кенгаши аъзоси Хуршид Содиқов ва Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Мухиддин Султонов иштирок этди.
Конференцияда 20 дан ортиқ давлатлардан судьялар иштирок этиб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судга нисбатан жамоатчилик ишончини шакллантириш ва мустаҳкамлаш масалаларида халқаро тажриба алмашилди.
Эътиборлиси, конференция иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан судьялик корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда коррупцияни олдини олиш бўйича қилинган ишларни юқори эътироф этдилар.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати