Малака ошириш курслари: суд аппарати ходимлари эътибори нималарга қаратилди?
Жорий йилнинг апрель-май ойларида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида суд аппарати ходимлари малакасини оширишга доир ўқув курслари ташкил этилди. Яъниким, аввал суд архив мудирлари, сўнг девонхона мудирлари учун 72 соатлик дарслар ўтилди.
Ўқув курсларида жами 367 нафар архив ва 384 нафар девонхона мудирлари иштирок этишди. Ўқув дастурига мувофиқ вилоятлар гуруҳларга ажратилиб, ҳар бир гуруҳдаги дарслар 2 кун давомида олиб борилди.
Дарсларга Судьялар олий кенгаши ва Олий суд мутахассислари жалб қилинди.
Ўқув курсларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсати, бу жараёнда манфаатлар тўқнашувига оид масалага алоҳида эътибор қартилди. Чунки, бугун айни иллатга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган бўлиб, наинки судьялар, балки ҳар бир суд аппарати ходими ҳам бу борада масъул экани ўз-ўзидан равшан.
Бундан ташқари Олий суд ва қуйи судлардаги девонхона фаолиятига оид иш юритишлар ўзаро қиёсий таҳлил этилиб, иш самарадорлигини оширишга доир таклиф ва тавсиялар берилди.
Архив ишлари омбор мудириникидан кескин фарқ қилади. Чунки, ҳужжатла ишлар қанчалар нозиклигидан келиб чиқилса, архив мудирлари зиммасидаги масъулият янада теран ҳис этилади. Шу боис архив мудирлари ўқишлари архив иши ва иш юритиш бўйича қонун ва қонуности ҳужжатлари билан таништиришдан бошланди. Сўнг архивга қабул қилинган ишлар ва бошқа ҳужжатларни ахборот тизимида рўйхатга олиш ва электрон архивни шакллантириш, ҳужжатларни идоравий архивларга қабул қилинишдан то вақтинча сақлаш, давлат архивига топшириш ва йўқ қилиш тартиблари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Ўқув курслари қуруқ маърузалардан иборат бўлмади. Аксинча, тингловчиларга савол беришга кенгроқ имконият яратилгани боис жонли мулоқот ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.