Бир жиноят учун нега бутун бир авлод жавоб бериши керак?

28 Июнь 2022 10:54 1068 Чоп этиш

Куни кеча янги конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилганидан хабарингиз бор. Унда Асосий қонуннинг 64 та моддасига ўзгартириш киритиш ва олтита янги модда акс эттирилган. Хусусан,  лойиҳада шахснинг судлангани ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар, унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак (26-модда), деган норма таклиф этилмоқда.

 Мазкур норма юзасидан  Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби кафедра мудири, юридик фанлари доктори, профессор Сурайё Раҳмонова шундай дейди:

- Тан олиш керакки, илгари мазкур ҳолатдан азият чекадиганлар сони кўплаб топиларди. Буни яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик каби мисолларда кузатишимиз мумкин эди. Эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги олти йил ичида мамлакатимизда инсон шаънини улуғлаш, унинг манфаатларини олий қадрият даражасига олиб чиқиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди ва оширилиб келинмоқда. Буни кўз ўнгимизда рўй бераётгвн ўзгаришлар асосида баҳолашимиз мумкин.

 Конституция лойиҳасига киритилган мазкур ўзгартириш ҳам сўзимизнинг амалдаги исботи бўла олади.

“Ўзингиз айтинг, нима сабабдан бир жиноят учун бутун бир авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши керак?” деган фикрни билдирган ҳолда давлат раҳбари демократик нормаларга ҳам, ҳаётнинг бугунги талабларига ҳам мутлақо тўғри келмайдиган бундай адолатсиз тизимдан бутунлай воз кечишни таклиф этган эди.

Судланганликнинг ўзи нима ва бунинг шахс учун қандай оқибатлари мавжуд?

Судланганлик факти аслида бундай оғир ҳаётий вазиятни бошидан кечирган инсон учун энг ноқулай оқибатлардан биридир. Бундан ташқари, мазкур ҳолат, одатда, ён-атрофдагиларнинг судланган инсон ҳақида нотўғри хулоса чиқаришга сабаб бўлади. Аввало, бу борада ҳар турли янглиш муносабатни бартараф қилиш учун судланганликка оид асосий муҳим қоидаларни айтиб ўтиш зарур.

Биринчидан, судланганлик – шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир.

Иккинчидан, судланганлик Жиноят кодексида назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади – судланганлик бошқа ҳеч бир ижтимоий, маиший оқибатларга эга эмас. Учинчидан, судланганликнинг тугатилиши ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг шахс учун барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Хусусан, агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, суд Жиноят кодексининг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганини олиб ташлаши мумкин. Энг эътиборли ва таассуфли жиҳати шундаки, бугунги кунда судланганлик факти тегишли ҳуқуқий тартибда олиб ташлангандан сўнг судланганлик факти ана шу шахснинг ўзига, унинг ҳаётига таъсир этиши мумкин бўлмаган шароитда бу ҳолат нафақат унга, балки унинг оила аъзолари, яқин қариндошлари ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда.

Афсуски, жамиятимизда ҳали-ҳануз шундай ёндашувлар мавжуд. Бу эса демократик давлатда умуман йўл қўйиб бўлмайдиган вазият. Ҳеч бир ҳолатда инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслиги керак! Қонуний тақиқларга қарамай, айрим давлат органларида ҳали ҳам судланганлик билан боғлиқ бўлган эскича, собиқ иттифоқнинг тоталитар ёндашувларидан қолиб кетган ва инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилувчи норасмий чекловлар, дискриминациявий цензлар амал қилиб келмоқда.

Бундай эскича ёндашув оқибатида кўплаб юртдошларимиз азият чекмоқда. Масалан, тасаввур қилайлик, одатдаги ўзбек оиласида 4–5 та ака-ука ва опа-сингил бўлса, бу оиланинг биргина аъзоси қилган хатоси 10 га яқин инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир этади. Қанчалик уринмасин, меҳнат қилмасин, яқинининг судланганлиги инсоннинг касбий ўсиши, шахс сифатида ривожланиши, жамиятда нуфузли ўринга эга бўлишига тўғридан-тўғри тўсиқ бўлади.

Хусусан, давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишга кириш жараёнида муайян бир лавозимга талабгорлар учун кузатиладиган айнан шундай реал тўсиқ — яқин қариндошларининг судланганлик факти ҳисобланади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур салбий иллатнинг олдини олиш мақсадида 2018 йилда Меҳнат кодексининг 78-моддасида шахсларни уларнинг яқин қариндошлари судлангани муносабати билан ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш, деб ҳисобланиши белгиланди.

Бу эса қонунчилигимизда тегишли кафолатни мустаҳкамлаб қўйди.

Шубҳасиз, яқин қариндошларининг судланганлиги факти туфайли дискриминацияга йўл қўймаслик тўғрисидаги қоиданинг Конституцияда мустаҳкамланиши фуқароларимизга нисбатан бундай норасмий ва маънан эскирган тақиқларга барҳам беради ҳамда ҳар бир шахснинг қонун ва жамият олдида тенглиги тамойилини реал таъминлаш кафолати бўлиб хизмат қилади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech