“Ўйнаб эмас, ўйлаб ёзинг!” дейиш шартми?
“Telegram” мессенжеридаги “Bastion” каналида фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судида бир фуқаролик иши ҳеч қандай сабабсиз саккиз марта қолдирилгани, ниҳоят, тўрт ой деганда чиқарилган ҳал қилув қарори аранг олингани-ю унга нисбатан ёзилган апелляция шикояти суд раиси томонидан кейинги босқичга юбормай ушлаб турилгани иддао қилинади. Иддаолар охирида эса Судьялар олий кенгашидан “...ФИБ Андижон шаҳар суди раиси И.Азизовни ҳаракатларига баҳо бервориш” сўралади.
Ҳолат ўрганилди.
Алоҳида қайд этиш керак, суд ишларини кўриб чиқишнинг аниқ муддатлар мавжуд. Муддатнинг сабабсиз бузилиши судьяга нисбатан интизомий жавобгарлик масаласини юзага келтириши мумкин. Шундан келиб чиқилса, судьянинг гўёки “ҳеч қандай сабабсиз” ишни бошқа кунларга қолдираверишида на маъно бор, на мантиқ...
Қайд этилган фуқаролик иши хусусида гап шу. Яъники, ўрганиш жараёнида “ҳеч қандай сабабсиз” эмас, балки низо юзасидан суд ершунослик экспертизасини тайинлаш, жойни кўздан кечириш ва бошқа важларни текшириш учун процессуал ҳаракатлар амалга оширилиши натижасида иш юритиш вақтинча тўхтатилгани ойдинлашди.
Фуқаролик иши бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорининг (19.05. 2022 й) кўчирма нусхаси тарафларга “Гибрид почта” (24.05.2022 й.) орқали юборилган.
Ҳал қилув қарорига нисбатан берилган аппеляция шикояти гўёки юқори инстанцияга юборилмай ушлаб турилганга оид важлар ҳам асоссиз бўлиб чиқдики, бу унинг (аппеляция шикояти бериш) муддати ўтиб кетмаганида кўринади. Иккинчидан, айни пайтда апелляция шикояти тегишли тартибда расмийлаштирилиб, Андижон вилоят суди юборилган, ҳатто уни кўриб чиқиш санаси ҳам маълум: 7 июль, соат 14-30!
Албатта, иш бор жойда муайян камчиликлар бўлиши табиий. Муҳими, бу фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келмаслиги керак. Судьялар олий кенгаши бу борада ваколати доирасида керакли чоралар кўриб келаётганини жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда Кенгаш ваколатига оид чиқишларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкид этиш баробарида яна икки оғиз сўз айтишга эҳтиёж туғилди.
Ижтимоий тармоқлар катта ахборот майдони экани баробарида ундаги кўпдан кўп аккаунт ёки каналлар ўз эгаларининг (админларининг) маънавий-ахлоқий қиёфасини кўрсатадиган ойна ҳамдир. “Bastion” ҳуқуқий тарғибот каналига айланиб бораётганини эътироф қилган ҳолда унда айрим ҳолатларда оддий одоб чегарасидан четга чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Хусусан, эълон қилган юқоридаги хабарида баҳсли важлар асосида ҳолат танқид қилинар экан, суд раисининг ташқи кўринишига ишора қилган ҳолда очиқдан очиқ мазах яққол кўриниб турибди. Бу инсон шаъни ва қадр-қимматига дахл қилишдан бошқа нарса эмас. Шу оддийгина ҳақиқатни жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшиш даъвосидаги канал эгалари билмайди, дейиш қийин. Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий тарғибот ишларига ўзини бурчли деб билганлар биринчи галда ўз одоби ва маданияти билан намуна бўлиши кераклигини қайд этиш ортиқчалик қилмайди.
Яна бир гап. Судьялар олий кенгаши судьяларни нафарқат интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ҳал қилувчи, шу билан бир қаторда уларнинг дахлсизлиги бузилиши ҳамда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрувчи конституцион орган ҳисобланади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати