Тармоқларда хабар тарқади: эмишки, Хоразмда...

1 Июль 2022 18:44 1286 Чоп этиш

Дарҳақиқат, шундай: ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди: “Хоразмда судья марҳумни судга чақиртирди!”. Ақли расо одам бундай хабарларга катта шубҳа билан қараши аниқ. Бироқ хабар муаллифи “...вафот этгани борасида судга маълумотнома келтириб берганига қарамай судья марҳумни учинчи шахс сифатида жалб қилаверган”, дея комил ишонч таъкид этадики, бу фойдаланувчилар эътиборини янаям кўпроқ жалб этишини турган гап. Хабар остига қолдирилаётган изоҳларни-ку, айтманг...

Аслида-чи?

Хоразмлик Комил Матчанов 2018 йилда маъмурий судга ариза билан мурожаат қилгани рост. Ўша йили суднинг тегишли қарори чиққани ҳам тўғри. 2022 йилнинг май ойига келиб Б.Эгамбердиев (2018 йилдаги судда тараф сифатида иштирок этган) давлат органига мажбурият юклашни сўраб судга мурожаат қилади.  Аризага  2018 йилда ўзи тараф сифатида иштирок этган суд қарори ва бошқа ҳужжатлар илова қилиниши ўз-ўзидан маълум

  Судья ариза ва унга илова қилган ҳужжатлар билан танишиб, ишни суд мажлисида кўришга тайинлайди ҳамда вақти ва санаси ҳақида тарафларга маълум қилади. Бу пайтга келиб (2022 йил, 13 май), К. Матчанов вафот этгани (марҳум 2018 йилнинг 6 декабрь куни омонатини топширган), бундан судья бехабар бўлиши мумкинми?

Албатта.

Чунки, ишни суд мажлисида кўришга тайинлаш жараёнида тарафларнинг номаи аъмолидан тортиб, қайларда юргани-ю нималар бандлиги ёки вафот этган-этмагани текширилмайди. Ҳамма-ҳаммасига суд мажлисида аниқлик киритилади.

Шундай бўлди ҳам.

2022 йил 18 май куни  суд ажрими билан  марҳум К. Матчановнинг ўғли Н. Матчанов  ҳуқуқий ворис деб топилиб, низо предметига нисбатан манфаатдор шахс сифатида ишга жалб қилинган. Ушбу суд ажрими  “...судга маълумотнома келтириб берганига қарамай судья марҳумни учинчи шахс сифатида жалб қилавергани” бекор гап эканини тасдиқлайди.

Бор гап шу.

Ушбу баёнлар билан нима қилиб бўлсаям судья ҳимоя қилинаётгани йўқ, балки ҳолатга изоҳ  ўлароқ, турли шубҳа-гумонларга ойдинлик киритилмоқда, холос. Чунки, ҳазилакам айб қўйлаётгани йўқ: танганинг фақат бир томони кўрсатилган ҳолда ўта-ўта бўрттирилган  хабарлар наинки битта судья, балки бутун тизимга нисбатан нотўғри қарашлар шаклланиши эҳтимолини юзага келтиради.

Иш бўйича суд қандай қарор чиқарди, ундан тарафларнинг рози-норозилиги –  алоҳида масала. Бу ўринда норози тараф юқори инстанция судига шикоят ҳуқуқига эга эканини эслатиш кифоя (суд ҳужжатларига ҳуқуқий баҳо бериш Судьялар олий кенгаши ваколатига кирмайди). Иккинчидан, шахснинг ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига ҳам ҳеч ким шак келтирмайди. Фақат у одоб доирасида, холис ва асосли бўлиши керак. Яна бир қўшимчаки, масаланинг ҳуқуқий жиҳатидан ташқари маънавий-ахлоқий томонлари ҳам бор. Яъниким, вафот этган инсон билан боғлиқ масалада ижтимоий тармоқларда бонг ураркан, жилла қурса, марҳумнинг руҳига озор етиши ёки яқинлари ярасини янгилаши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаслик лозим. Чунки, яқинларни йўқотмоқ тезда унутиладиган мусибат саналмайди.

 

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech