Куч – бирликда, файз-у барака – аҳилликда...
Давлатимиз раҳбари қорақалпоғистонлик фаоллар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеликларни навбатдаги синов, бу синовни аҳиллик билан ортда қолдириш кераклигини таъкидлади. Ҳақ гап. Юрт бошига келган ҳар қандай синов биринчи навбатда аҳилликни талаб қилади.
Кейинги икки-уч йилда мамлакатимиз жиддий синовларга дуч келгани сир эмас: Турли табиий офатлар, наинки бир юрт, балки бутун дунё бошига бало бўлган ковид...
Ушбу синов ва балолар аҳиллик билан енгилмаяптими?
Куч – бирлик ва адолатда экани, тараққиёт шу икки омилга боғлиқлиги исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.
Ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли муҳофазаси, саломатлиги, уларнинг ижтимоий ҳаётини яхшилаш борасида кейинги йилларда амалга оширилган ишлар бунга яққол мисол. Қорақалпоғистоннинг ҳар тумани вилоятларга бириктирилгани ватан битта, мақсад муштараклигининг очиқ далолатидир.
Қорақалпоғистондаги воқеалар ана шу жипслик, ана шу аҳилликка путур етказмоқчиларнинг фитнаси эканига шубҳа йўқ. Шундан келиб чиқиб, юртбошимиз умумманфаати юзасидан бир гапни қатъий таъкидлади: “Мен барибир, қандай оғир бўлмасин, қонун устуворлигини, жазо муқаррарлигини таъминлайман”.
Инкор этиб бўлмас ҳолат шундаки, оломонда мулоҳаза бўлмайди, оломонда жазава устувор бўлади. Талотўпда ҳақиқий фитначилар ким-у уларнинг таъсирига билиб-билмай тушиб қолган кимлар эканини аниқлаш осон иш эмас. Қонун устуворлиги - адолатни таъминлаш, деганидир. Жазодан мақсад эса тарбия, ёмонлик қилганларга тўғри йўлни кўрсатишдан иборатдир.
Шахс жавобгарликка тортилади қачонки, у ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан бошқаларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказганида! Яна-да соддароқ тушунтирганда, маълум бир айбдор шахснинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши у томонидан поймол этилган бошқалар ҳуқуқининг тикланишидир.
Гап қонун устуворлиги ҳақида кетар экан, бунга масъул бўлган мустақил суд ҳамда судьялар хусусида ҳам икки оғиз гапиришга эҳтиёж сезилади.
Суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар ва унинг ижобий натижалари халқаро даражада эътироф этилаётгани бор гап. Бу борада муносиб кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор берилаётгани, ўтган қисқа даврда судьяларнинг янги авлоди шаклланаётгани ҳам халқаро экспертларнинг эътиборини тортгани бежиз эмас.
Янги авлод судьялари шаклланишида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби алоҳида ўрин тутмоқда. Бугунги кунда илк бор судьялик лавозимига тайинланганлар умумий судьялар сонининг 42,3 фозини (541 нафар) ташкил этса, уларнинг 132 нафари Судьялар олий мактабининг битирувчилари ҳисобланади. Жорий йилда мазкур таълим муассасасини 75 нафар тингловчи битириши кутилмоқда, бу ҳам судьялар ҳамжамияти сезиларли равишда янги авлод ҳисобига кенгайишини англатади.
Судьялик лавозимига тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш бир-бирига боғлиқ жараён. Суддаги адолат тайинловдаги адолатга ҳам боғлиқ экани эътиборга олинса, муносиб кадрларни танлаш ўта муҳим, бир қадар нозик ва долзарб масала экани кўринади. Шунингдек, судьяни ўзи вояга етган ҳудуддан бутунлай бошқа ҳудудга тайинлаш амалиёти кутилганидек самара бермаганини ҳам қайд этиш лозим.
Шундан келиб чиқиб, судьялик лавозимига тайинлашда бундай амалиётдан воз кечилмоқда. Негаки, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари бор: ўзаро муомала-муносабатдан то урф-одатларигача. Қонунлар миллий ва маънавий қадриятларни инобатга олган ҳолда қабул қилиниши нуқтаи назаридан олиб қараганда ҳам бу ижтимоий адолатни таъминлашда зарур омил ҳисобланади. Мазкур факторга барча ҳудудлар, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси судларига судьялар танлаш ва тавсия қилишда алоҳида эътиборга олиниши лозимлиги ўз-ўзидан равшан (изоҳ: Қорақалпоғистон судьялари Судьялар олий кенгаш тақдимномасига асосан Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади).
Шунингдек, ўзининг холис ва ҳалоллиги, иш сифати билан намуна бўлаётган судьялар доимий эътиборда. Буни суд тизимида ўзбек, рус, корейс, қозоқ, татар, тожик, туркман, ожарбайжон ва бошқа миллат вакиллари қаторида Қорақалпоқ заминида вояга етган кадрлар ҳам бугунги кунда Судьялар олий кенгаши ва Олий судда, шунингдек пойтахт судларида ҳам муносиб фаолият кўрсатиб келаётганида кўриш мумкин.
Зеро, давлат – битта, унда яшаётган халқларнинг миллатига қаралмайди. Кўпмиллатли мамлакатимиз ҳамжиҳатликда барчага намуна бўлиб келаётганига дунё гувоҳ.
Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Бошида дўппи, қалпоқ –
Ўзбек ва қорақалпоқ:
Меҳнаткаш, чайир, танти –
Тоза ният, кўнгли оқ.
Бир хил урф, ҳам одати,
Ёлғонга йўқ тоқати.
Шаънига туширмас доғ –
Шундадир саодати.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши раиси