Судьялар олий кенгашида 40 нафар судья суҳбатдан ўтказилди

8 Июль 2022 14:38 2256 Чоп этиш

Судьялар олий кенгашида 40 нафар судья суҳбатдан ўтди.  Суҳбат шунчаки мулоқот эмас, балки кичик имтиҳон шаклида  кечдики, бу бежиз эмас.

Маълумки, ўтган йилдан бошлаб, раҳбар судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантириш ҳамда муносиб судья кадрларни танлаб олишнинг янги тартиби жорий этилди. Бу борада  “Туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозимларига номзодлар захирасини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда тасдиқланди. 

Мазкур ҳужжатда туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси, раис ўринбосари лавозимлари захирасини шакллантиришнинг мезонлари ва амалга ошириш тартиблари белгиланиб, унга кўра, раҳбарлик лавозимлари захирасига киритилиш истагини билдирган судьялар билан суҳбат ўтказишни кўзда тутади.

Шу тариқа куни кеча Кенгаш аъзолари раҳбар судьялик лавозимлари захирасига кириш истагида бўлган 40 нафар судьяни суҳбатдан ўтказди. Жараён очиқ ва шаффоф шаклда бўлиб, унда судьянинг билим даражаси, амалий тажрибаси, ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳуқуқий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги, раҳбарлик лавозимига муносиблиги, касбий ва бошқа фазилатлари ҳақида муайян хулоса келинди.

Якунда суҳбатга чақирилганларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимлари захирасига киртилди. Энди улар икки ой давомида Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида  белгиланган тартибда таҳсил олади. Шу ўринда алоҳида қайд этиш керак, икки ойлик таҳсил раҳбар судьялик лавозимига тайинланиш учун кафолат эмас. Тайинловлар бирдек тартибда, яъни, очиқ танлов ва муқобиллик асосида амалга оширилади.  

Эслатиб ўтамиз, раҳбар судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантиришда номзод – қоида тариқасида судья сифатида камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлиши шарт.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech