“Судьяга кучли босим ўтказилгани”га оид хабарлар тасдиғини топмади
Айрим ижтимоий тармоқларда жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьясига гўёки прокуратура томонидан босим ўтказилиб, “Капиталбанк” манфаати билан боғлиқ жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилишига эришилганига оид хабарлар тарқалмоқда.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати шу мазмундаги хабарларни асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ эканини билдиради.
Воқеликка кўра, тергов органи томонидан Н. И.га Жиноят кодексининг 168-модда 4-қисми “а” банди айб эълон қилиниши ортидан жорий йилнинг 12 июль куни туман прокурори унга нисбан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллашни сўраб, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судига илтимоснома киритади.
Прокурор илтимосномаси суд томонидан қаноатлантирилади. Чунки, бунгача Н. И. бошқа жиноят иши бўйича айбланувчи сифатида жалб этилган бўлиб, жорий йилнинг 15 февралидан қамоқда сақланаётганлиги аниқланади.
Бир жинояти иши бўйича айбланувчи сифатида жалб этилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсга нисбатан яна бир жиноят иши бўйича қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси қўллаш имконияти мавжуд эмаслиги ўз-ўзидан равшан. Шундай экан, судьяга нисбатан гўёки кучли босим ўтказиб, санция олишга эришилгани ҳақидаги хабарлар наинки оддий мантиқ, ҳатто соғлом тасаввурга сиғмайди.
Бор гап шу.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати таъкидлайдики, суд ҳужжатлари қонунийлигига фақат юқори истанция суди ҳуқуқий баҳо беради. Бу ўринда Кенгаш (суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашувчи ваколатли орган сифатида) ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларни ўрганган ҳолда уларнинг судья далхлсизлигига оид қисми ҳақиқатдан йироқ эканини таъкид этмоқда, холос. Чунки, асоссиз ва нотўғри хабарлар жамоатчиликда суд мустақиллиги, судья дахлсизлиги борасида нотўғри тасаввурлар пайдо қилиши эҳтимолини юзага келтиради.
Иккинчидан, ушбу баёнот айбланувчининг ўзига нисбатан қўлланган эҳтиёт чораси бўйича юқори инстанция судига шикоят қилиш ҳуқуқига дахл қилмайди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати