Бундай савол қўйиш ҳар кимга эмас!

19 Июль 2022 19:28 1579 Чоп этиш

Қашқадарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими вилоят суди ходимлари гўёки “Odillik mezoni” журналига мажбурий обуна қилинаётганига оид хабарга муносабат билдирди. Муносабатга қўшимча қилишга эҳтиёж йўқ, аслида. Бироқ тарқалган хабарда “Керакми ўзи шу журнал?” деган савол кўндаланг қўйиладики, шу мавзуида икки оғиз гапиришга эҳтиёж бордай.

 Ҳўлу-қуруқ баравар ёнган пайтлар мажбурий обуна баҳонаси сабаб миллий матбуотимизнинг ядроси ҳисобланадиган босма нашрлар фалажлантирилганлиги сир эмас. Бугунги кунда  газета-журналларнинг киши маънавияти шаклланишидаги аҳамиятидан келиб чиқиб, улар тарғиботига янада жиддий эътибор қаратилмоқда.  Ҳар нашрнинг ўз ўқувчи бўлганидек, ҳар бир соҳанинг ҳам ўз нашри бор. Бу нашрлар минглаб  кишиларни соҳа янгиликларидан бохабар қилиш, уларнинг ўз йўналишлари бўйича илмий мақолаларга чанқоғини қондириш учун хизмат қилади.

“Odillik mezoni” илмий-амалий, ҳуқуқий журнали  ҳам  катта мақсадларни кўзда  тутиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида ташкил этилган.

 Мазкур қарорда  Судьялар олий мактабига илмий-амалий ҳуқуқий нашрни ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш, уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан юриспруденция соҳасида асосий илмий-амалий натижаларни нашр қилиш учун тавсия қилинадиган илмий нашрлар рўйхатига киритиш вазифаси ҳам белгилаб берилган.  Юзлаб, минглаб  судьяларни  тайёрлаш,  уларнинг малакасини  ошириш,   бир  сўз билан айтганда одил судловни амалга оширишга ҳисса қўшиш “Одиллик мезони” журналининг бош мақсади ҳисобланади.  Ўзини, ўз касбини ҳурмат қилган судья ёки суд ходимининг  ўз  нашрига  обуна бўлиши  эса табиий ҳол.  

Демак, “Керакми ўзи шу журнал?” тарзида масала қўйиш ҳар кимга эмас!

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech