Ҳақиқат ва адолат тор қўрғонга сиғмайди

28 Июль 2022 16:46 894 Чоп этиш

 “Telegram” мессенжеридаги “Bastion” канали шиори шундай: “Биз ҳақиқат ва адолатни ҳимоя қўрғонимиз!”. Гап йўқ. Жумладаги хато (“адолатНИ” эмас, “АдолатНИНГ” тарзида ёзилиши керак: тушум (-ни) келишиги билан қаратқич келишиги (-нинг) қўшимчалари ўртасида фарқ бор) ўз йўлига, даъвонинг улканлигини ҳам яхшиликка бўлсин: ният-у ҳаракат шунга монанд холис ва самимий бўлса, баландпарвоз гаплар ўзини оқлаши мумкин. 

Алалхусус, канал шиоридан келиб чиқилса, ҳақиқат ва адолат деганда  қонун устуворлиги тушунилади. Қонунда эса наинки ҳуқуқ, шу баробарида мажбуриятлари ҳам акс этади.  Фақат ҳуқуқ пеш қилиниб, мажбурият эсдан чиқарилган жойнинг тор қўрғондан фарқи йўқ (ҳақиқат ва адолат эса тор қўрғонга сиғмайди). Нима дейсизки, “Bastion” каналида эълон қилинаётган   суд ва судьялар фаолиятига оид  аксарият танқидий ахборотларда шундай манзара кўзга ташланмоқда. Яна бир таассуфли ҳолат - бундай ахборотлар “#обуначиларимиздан #таҳрирсиз” рукни остида, устига устак, мурожаатчи шахссизлантирилган (ва оддий одоб меъёрларига риоя қилинмаган) ҳолда  чоп этилмоқдаки, бу билан канал мутасаддилар ўзларидан масъулиятни соқит қилаётгандай, гўё. Ваҳоланки, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёки нотўғри ахборотлар, қандай шаклда тарқатилмасин, муайян жавобгарлик келтириб чиқаришини “адолат ва ҳақиқат қўрғони”нинг кўнгилли посбонлари билмаслиги мумкин эмас. Шу мазмундаги хабарга яқинда муносабат билдирган эдик.

Куни кеча яна битта шунақаси чиқди.

Жуда тарқоқ ва анча тушунарсиз мазкур хабарда асакалик тадбиркор “Р.Х.” (айнан шундай ёзилган) фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судида кўрилган низо бўйича тараф сифатида иштрок этгани, қарши тараф судга ҳокимнинг қалбаки қарорини тақдим этса-да, судья (қалбаки қарор бўйича) хусусий ажрим чиқармаганини  айтиб, айнан шу сабаб икки йилдан буён сарсон экани баён қилинган.

“Р.Х.” ким? Манзил-чи? Қайси фуқаролик иши бу? Низо мазмуни?

 Бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ.

 Тўғри, хабарда судьянинг фамилияси келтирилган (хабар айнан шунинг учун ёзилгандай аслида!), бироқ Асакадай аҳоли зич яшайдиган ҳудудда бир ойда озмунча фуқаролик низолари кўрилмайди, минг-минглаб ишлар орасидан  “Р.Х.” ким-у қайси ишда (ва қачон!) даъвогар (ёки жавобгар) сифатида иштирок этганини  аниқлаш  тасаввурга сиғадими?! Иккинчидан (ва энг муҳими!), шахси номаълум ёки очиқланмаган мурожаатлар аноним ҳисобланиши ва улар кўриб чиқилмаслигини канал мутасаддилари ёддан чиқарган кўринади.

 Муаммо борми? Аниқ ёзинг. Акс ҳолда, жамоатчиликни чалғитишда нима маъно?!

Хабарнинг яна бир нуқтасига алоҳида тўхталиш талаб этилади: “Р.Х.”га кўра, у “судьяларни текширувчи ташкилот борми?” дея суриштириб, “Андижон вилоят судида  судьялар ҳайъати борлиги”ни билади, аммо иккиланадики: “... судья судни қанақа қилиб текширади?”, “иккаласиям судья бўлса?”,  “...хуллас, тушунолмадим мен бу текширувчи судга”, деб “Bastion”га мурожаат қилади, канал эса мавҳум ва мужмал мурожаатни у ёқ-буёғига қарамай босаверади.

Хўп, фуқаро-ку, билмабди, майли, канал масъуллари-чи?  Муттасил ҳақ-ҳуқуқдан бонг ураётганига қараганда ҳуқуқшуносга ўхшайдиларки, нима, уларнинг ҳам вилоят ва унга тенглаштрилган судларда ўша ҳудуд судьялари орасидан сайланадиган Судьялар малака ҳайъатлари борлиги, унинг фаолияти алоҳида қонун билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низом билан тартибга солинишидан хабари йўқми?

Малака ҳайъатлари судьяларнинг  интизомий жавобгарлигидан тортиб, уларнинг ваколатлари тўхтатиб туриш ёки муддатидан илгари тугатиш, дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек судьялик қасамёди ва одоб кодексига риоя этилиши устидан назорат қилиш ваколатига эгалигини билмайдими? (Қисқа айтганда, Судьяларнинг малака ҳайъатлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига  унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда кўмаклашади).

Билса, нега ҳуқуқий саводсизликни тарғиб қилади?

Билмаса, нега “адолат ва ҳақиқат қўрғони” посбонлигига даъво қилади?

Ўрни келган экан, алоҳида қайд этиш жоиз: судьядан кўрилган ёки юритувидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни талаб қилиш, шунингдек қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этиш тақиқланади. Суд қароридан норози бўлган тарафлар белгиланган тартибда шикоят қилиши ҳуқуқи эса кафолатланган.

Шу  боис ҳам  ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида  айни масалага алоҳида эътибор қаратилди. Натижада судьяларни танлаш ва тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ўзгартиришлар “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунида акс этиб, бундан судьяларни танлаш ва лавозимига тайинлаш қатори уларнинг интизомий жавобгарлигини ҳал қилиш жараёнида судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан мустақил фаолият юритишини таъминлашдир. Суд ҳокимиятининг мустақил экани шу ва шу каби омилларда кўринади.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech