Уч танқидга бир жавоб
“Telegram” мессенжеридаги “Kompromatuzb” каналида танқидий материаллар сероб. Улар орасида суд-ҳуқуқ органлари, хусусан, Судьялар олий кенгаши ваколатига оид масалалар ҳам учраб туради.
Танқидлар асосли бўлса, бош устига: тегишли тартибда ўрганилиб, ахборот (муносабат) билдиришда муаммо йўқ. (Буни канал мутасаддилари, ўрни келса, ўзлари эътироф қилишмоқда. Раҳмат). Бироқ берилаётган эътибор танқидлар ёппасига асосли эканини билдирмайди ёки “ керакли жойга етиб боряпти”, дея муайян воқеликни хоҳлаган оҳанг ва шаклда ёзавериш мумкин, дея хулоса чиқармаслик лозим.
Кенгаш матбуот хизмати жорий йилнинг 17 июль куни каналда эълон қилинган хабар бўйича хизмат текшируви ўтказилишини маълум қилиниб, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилишини билдирилганди. Бунинг учун Кенгаш раҳбариятига лутф қилган канал мутасаддилари тўрт кун ўтиб, ўша мавзуга оид навбатдаги материлни эълон қилди: “Бу суд мажлисими ёки чойхонами?”.
Материал эълон қилиниши-ку, майли, ундаги баёнлар тушунарсизлиги ҳам ўз йўлига, бироқ муаллифнинг “фалончиев, сиз хизмат текширувини бошлайверинг, биз унгача ундоқ қип турамиз-бундоқ қип урамиз”, мазмунида писанда қилиши нимаси?! Иддао ва истеҳзоларга тўла бир парчагина хабарда суд мажлисини чойхонага ўхшатган муаллиф ўзидан майхонада ўтиргандек одамдек тасаввур қолдириши одоб-ахлоқнинг қайси меъёрларига тўғри келади?! Ҳолатни сунъий равишда бўрттириб, суд мажлисига раислик қилувчини (қариндошлик ришталари ўн йиллар аввал тамом узилганига қарамай!) олий маҳакама раҳбарияти вакиласи билан боғлашга уриниши-чи?! Ҳозиржавобликни бетгачопарликдан фарқи бўлганидек, очиқлик бу - карвонсарой дегани ҳам эмас. Қолаверса, сўз эркинлиги бу – оғизга келганини қайтармай ёзавериш ҳуқуқини бермайди.
Мавзуга қайтсак: хизмат текшируви Фарғона вилояти судлари судьялар малака ҳайъати томонидан ўтказилмоқда. Бу жараёнда кимнинг кимга қариндош эканлигининг аҳамияти йўқ. Натижаси ҳақида, аввал ҳам айтилганидек, қўшимча ахборот берилади.
Бу орада (21 июль) каналда Хоразмда гўёки марҳум судга чақирилганига оид хабар чиқди. Ваҳоланки, шу мазмундаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиши ҳамоно ўрганилиб, Кенгаш матбуот хизмати муносабат билдириб (“Kompromatuzb”да чиқишидан 20 кун аввал!) бўлганди.
Вазиятга ўз вақтида ойдинлик киритилганига қарамай эски хабарни такрор эълон қилиниши канал мутасаддиларинг беэътиборлигими ёки атайлик аломатми – ўзларига тан.
Андижонлик Акмалҳожининг ноқонуний қурилмасини бузишга оид суд мажлиси гўёки асоссиз ортга сурилаётгани ҳақидаги яна бир хабар юқоридагилардан ҳам ўтиб тушди. Узр-ку, хабардаги баён ва оҳанг – ўзиниям, сўзиниям ҳурмат қиладиган блогернинг эмас, рақибидан истеҳзоли ҳол сўраётган носамимий одамнинг гапига ўхшаб кетади. Хабардаги “Акмалхожи, қанча билан ҳал қиляпсиз суддаги ишингизни?” деган жумла-ку, курак тугул, тувакда турмайди.
Энг қизиғи, хабар муаллифи гўёки суд мажлиси асоссиз равишда ортга сурилаётгани ҳақида каналда бонг уришидан (22 июль) бир кун аввал (21 июль куни!) суд мажлиси якунига етиб, низо бўйича чиқарилган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида вилоят суди апелляция инстанцияси ажрим чиқариб бўлганди...
Якунда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати таъкид этадики, журналист ва блогерларнинг жамиятда тутган ўрнини қадрлаймиз, уларнинг холис фаолияти, дарҳақиқат, ҳурматга лойиқ. Шу баробарида асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотларни ахлоқ чегарасидан чиққан ҳолда тарқатилаверилиши ўша қадр ва ҳурматга соя солишини эслатиш ортиқчалик қилмас.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати