Бу савол Кенгашга эмас, бироқ...
“Effect.uz” сайти “555 иши” мисолида оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакилларининг суд мажлиси жараёнини ёртиши билан боғлиқ масалани кўтарибди. Айни масала тез-тез муҳокама танқид мавзусига айланади, сираси. Яъниким, ОАВ вакили суд процессини тасвирга олиш учун илтимоснома киритади, раислик этувчи бунга рухсат берса – хўп-хўп, акс ҳолда яна битта танқидга мавзу тайёр: раислик этувчи нега рухсат бермади? Бу очиқлик тамойилига эмасми?! Судья нохолис-ов, у тарафларнинг бирига очиқдан-очиқ ён босмоқда ва ҳоказо, ҳоказо...
Ҳар гал шу мавзу кўтарилганда мавжуд тартиб-қоидаларни ҳижжалаб такрорлашга тўғри келадики, бу сафар ҳам шундай қилишга мажбурмиз: очиқ суд мажлисларида ҳозир бўлиш журналистнинг хос ҳуқуқи – тўғри, бироқ суд процессини тасвирга олиш (аудиога ёзиш, суратга олиш) тарафларнинг фикрини инобатга олганда ҳолда раислик этувчи судья (ёки судлов ҳайъати) томонидан ҳал этилади. Раислик этувчи судьянинг (судлов ҳайъатининг) жараённи тасвирга олишга ижозат бермаслиги журналистнинг (блогернинг) суд залини тарк этиши шартлигини англатмайди: у бемалол процессда кузатувчи сифатида иштирок этиши, лозим топса, ўзига керакли маълумотларни ён дафтарига қайд қилиб бориши ҳам мумкин.
Қисқаси талаб - шу, тартиб шундай. Мазкур тартиб-қоидаларни “Effect.uz” сайти ходимлари билмайди деб ўйламаймиз, шунга қарамай ўз саҳифлари орқали Кенгаш раисига мурожаат қилиб: “Нега прокуратура даъвогар бўлган суд очиқ ўтказилмаслиги керак?” дея савол қўяди.
“Нега?”лигини юқорида айтдик, такрорлаймиз: Кенгаш судьянинг процессуал хатти-ҳаракатларини муҳокама қилмайди ва ҳуқуқий баҳо бермайди. Акс ҳолда, судьянинг қонунда кафолатланган мустақил ва дахлсиз экани катта савол остида қолади. Ваҳоланки, судьяларнинг дахслизлиги таъминлаш – Кенгаш фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шунингдек, сайт ходими унинг суд жараёнини ёритишга оид илтимосномасини судья гўёки “прокуратура вакилининг сўзини инобатга олиб, ўйлаб ўтирмасдан” рад этганига алоҳида урғу берадики, ўқувчиларда гўёки фуқаролик судларида прокуратуранинг гапи – гап, сўзи – сўз эканда, дегандай тасаввур пайдо бўлади. Шу ўринда изоҳ: барча фуқаролик ишларида прокурор иштироки мажбурий эмас. Улар фақат маълум тоифадаги ишлардагина иштирок этиши мумкин. Прокурор ўзи даъвогар бўлган ишда иштирок этиши эса ўз-ўзидан маълум. “555 иши”да прокуратура даъвогар сифатида иштирок этаётганини мақола муаллифининг ўзи қайд этиб турибди. Демак, суд мажлисини тасвирга олиш масаласида унинг тараф сифатида фикри олиниши табиий. Шундаям охирги қарор – судьяда қолади. Яъни, юқорида айтилганидек, суд мажлисини фототасвирга тушириш, аудио- ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилинишига тарафларнинг розилиги ва суд мажлисида раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилади.
Муаллифнинг “суд шаффоф ўтмаётгани” ҳақидаги иддаосини унинг ўзи “...суд мажлисида яна эркин тингловчи сифатида қатнашишга мажбур” бўлгани билан инкор қилмоқда. Агар суд мажлиси журналистлар қувиб солинган ҳолда эшикни ичкаридан қулфлаб ўтказилганда бу иддаога қўшилиш мумкин бўларди.
Судьянинг тасвирга олишга ижозат бермагани журналистнинг “қўл оёқсиз қолдирилгани”ни ҳам билдирмайди, чунки, у, ўзи ёзганидек, жараённи “эркин тингловчи сифатида” кузатмоқда, суд қарори чиқиб, қонуний кучга киргач, материал тайёрлашида ҳеч қандай монелик йўқ.
Бироз семириб кетган ушбу муносабатдан мақсад “Effect.uz” мурожаати сабаб суд жараёнини ОАВда ёритишга оид тартибларини яна бир карра ёдга солишдир, илло, нима қилиб бўлса ҳам судьяни ҳимоя қилишмас.
“555 иши” бўйича жавобгар тараф вакиллари ва сайт ходимлари судьянинг бошқа хатти-ҳаракатларидан норози бўлган ҳолатлар ҳам бор. Шундан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьясининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилаётган хизмат текшируви натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати