“Бу суд ишига аралашиш, судьяга нисбатан босим” - Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёноти
Судьялар олий кенгаши блогер Шуҳрат Эсановнинг YouTube ижтимой тармоғидаги “Vodiy 24” каналида эълон қилинган (3 август, 2022 йил) “Риштон судида ўзбошимчаликми? Сарсон-саргандонда юриб “отилган” Хайрилло” номли видеоматериални суд ишларига аралашиш, судьяга нисбатан босим ўтказиш сифатида баҳолайди.
Шу билан воқеликка бир-икки чизги бериб, гапни мухтасар қилиш мумкин эди. Бироқ мурожаатнинг мазмун-моҳияти, ундаги иддоалар Кенгаш муносабатини кенгроқ ифода қилишни талаб қиладики, бунинг учун энг аввал мурожаатчининг бир томонлама ва тушунарсиз талқинларини тартиб билан баён қилишга тўғри келади.
Воқеликлар ва уларнинг ривожи қуйидагича кечган.
Даъвогар Х. Тошпулатова (мурожаатчи Х. Тошпулатовнинг онаси) фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига мурожаат қилиб, жавобгар М. Мадумарова ва бошқаларни Олтиариқ тумани Жарқурғон МФЙ, 8-март кўчаси 31-сонли ҳовли-жойдан мажбурий тартибда чиқариш ва ўзини шу уйга мажбурий тартибда киритишни сўрайди. Ушбу даъво юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори (05.11.2021й.) вилоят судида қисман ўзгартирилиб (05.04. 2022 й.), Олий судда (вилоят судининг ажрими) кучда қолдирилишидан (19.05. 2022й.) даъвогарнинг муроди ҳосил бўлди, дейиш мумкин.
Гап ижрода қолган.
Бу орада жавобгар М. Мадумарова ҳам судга даъво киритиб, низоли уйни олди-сотдиси билан боғлиқ ҳужжатларни ҳақиқий эмас, деб топишини сўрайди. Ўз навбатида суд ушбу даъво ариза кўриб чиқилгунга қадар ижрони кечиктириш ҳақида ажрим чиқаради (23.06. 2022й.).
Мурожаатчи Х. Тошпулатовнинг суд қарори ижросига тушов бўлган ажримдан норози эканини тушуниш мумкин. Бироқ мазкур суд ажрими унинг ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилишидан йигирма кун аввал бекор қилингани (14.07.2022й.) ҳақида очиқ гапирмагани тушунарсиз.
Савол туғилиши мумкин: даъвогарнинг ўғли суд қароридан рози, боз қарор ижросини кечиктириш ҳақидаги ажрим ҳам бекор қилинган экан, нимадан норози бўлмоқда?
Воқеалар ривожидан бироз илдамлаб айтсак, М. Мадумарованинг кўчишга мажбур бўлаётган уй-жойнинг олди-сотдисига оид ҳужжатларни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъвоси, кейинроқ унинг аризсасига кўра, суд ажрими билан кўрмасдан қолдирилади (22.06. 2022 й.). Шундан сўнг у бошқа мазмундаги даъво билан судга яна мурожаат қилади.
Бу галги даъво ариза мазмуни Хайрулло Тошпулатовга нисбатан жиноят натижасида етказилган моддий зарарни ундиришга оид бўлиб, судья М. Умарова иш юритувига қабул қилган, даъвони таъминлаш доирасида жавобгарга (Х. Тошпулатов) тегишли транспорт воситаси хатланган.
Яна савол туғилши табиий: қандай жиноят ҳақида гап кетяпти ва бунинг оқибатида кимга қандай зарар етган?
Гап шундаки, юқорида қайд этилган хонадондан мажбурий кўчирилиши белгиланган М. Мадумарова (бева, уч фарзанднинг онаси) шу ғавғолар бошлангандан буён ушбу ҳовли-жойни ўз ҳисобидан қургани, қуруқ ер майдонини 2015 йилда айнан Х. Тошпулатовдан иморат тикланганидан кейин ҳужжатларни расмийлаштириб бериш шарти билан оғзаки келишувга асосан сотиб олганини (айтилаётган суммага ҳозирда битта янги “Жентра” беради), бироқ жавобгар шу пайтгача ваъдасини бажармай келаётганини таъкидлаб келади.
Бўлиб ўтган судларда маълум бўлишича, низога сабаб бўлган турар-жойга нисбатан туман ҳокими (25.122012 й, 1379-сон) қарори билан С. Қодированинг эгалик ҳуқуқ берлгиланган, икки йил ўтиб (14.01. 2014 йил), олди-сотди шартномасига асосан Х. Салимов номига ўтади. 2017 йилга (15.08.) келиб, уй нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномаси асосида Х. Тошпулатова (Х. Тошпулатовнинг онаси) номига расмийлаштирилади.
2021 йилнинг охирида судлашувлар бошланади. Судларда Х. Тошпулатов тараф сифатида қатнашмайди, чунки уй-жой онаси расмийлаштирилган. Натижада судларда онаси даъвогар сифатида иштирок этади ва ютиб чиқади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Судда ютқазгач, М. Мадумарова Х. Тошпулатов устида ички ишлар органига мурожаат қилади. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Х. Тошпулатов Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этгани қайд этилади. Бироқ жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани учун унинг айблилик масаласини ҳал қилмай туриб, иш ҳаракатдан тугатилади (09.06.2022й).
Қонунга кўра, айблилик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят ишининг тугатилиши шахснинг айбсиз эканини англатмайди. Содда тушунтирсак, бу - қилмишинг 2015 йилда бўлган экан, орадан етти йил ўтибди, энди сени жавобгарликка тортишдан маъно йўқ, қонунга раҳмат айтгинки, нақ жазодан қутулиб қоляпсан, деганидир.
Бундай ҳолатда жабрланувчи нима қилади?
Тергов органи жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат қилишни тавсия қилади. Бирдан-бир қонуний йўл шу.
М. Мадумарованинг Х. Тошпулатовга нисбатан жиноят натижасида етказилган моддий зарарни ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига мурожаат қилишининг сабаби шунда.
Даъво нечоғи асосли, жиноят оқибатида қанча моддий ва маънавий зарар етган, умуман, суд қандай мазмунда қарор чиқаради – ҳали маълум эмас. Чунки, суд эндигина (3 август куни) бошланди.
Ҳали якунига етмаган суд бўйича эндиликда жавобгар бўлган Х. Тошпулатовнинг ижтимоий тармоқ орқали судлар фаолияти ва ишни кўриб чиқаётган судья ҳақида ҳиссиётга эрк берган ҳолда бир томонлама ва асоссиз гаплар тарқатиши, бунга блогер Ш. Эсанов YouTube ижтимой тармоғидаги “Vodiy 24” каналида имконият яратиб бериши суд ишига аралашиш ва судьяга босим ўтказиш ҳисобланади.
Бунинг учун қонунчиликда ҳуқуқий таъсир чоралари белгиланган.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати