Аввал савод, кейин одоб, сўнгра иддао...

23 Август 2022 15:04 1613 Чоп этиш

 Шубҳасиз, ҳар ким ўз фикрини эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга. Ҳуқуқ бор жойда бурч ҳам бўлиши ўз-ўзидан равшан. Бурч, аввало, ахлоқ меъёрларига риоя этиш бўлса, иккинчидан, фикр айтмоққа лаб жуфтлаган одам шу мавзуда гапирмоққа маънавий ҳаққим борми, деган саволни ўзига ўзи бермоғидир. Зотан, фикрни эркин ифода этиш ҳуқуқи – оғизга келганни қайтармай гапиравериш, дегани эмас.

Адвокат Жаҳонгир Муталиповнинг Kun.uz сайтига берган интервьюсидаги гаплари юқорида қайд этилган ҳуқуқ ва ахлоқ меъёрларининг на унисига мос келади, на бунисига... Энг қизиғи, адвокат  “бугунги судлардаги адолатсизликлар ҳақида” оғиз тўлдириб гапирар экан, бунга сабаб тариқасида яқин ўтмишда қолиб кетган тартибларни пеш қилади. Бу унинг тизимдаги янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, хусусан, судьяларни танлаш ва тайинлашда жорий этилган янги тартиб-қоидалардан мутлақо бехабарлигини кўрсатади. Шунинг ўзи ўтмиш билан ўралашиб қолган адвокатнинг профессионал салоҳияти ва лаёқатини катта сўроқ остида қолдиради. Ўта-ўта баҳсталаб, айрим ўринларда мутлақо асоссиз мулоҳазаларини прокуратура органи билан таққослаган ҳолда ифода этиши-ку, соғлом тасаввурга сиғмайди. Чунки, лавозимларга танлов ва тайинлов бўйича суд ва прокуратура идорадаларидаги тартибларни таққослашнинг ўзи бориб турган мантиқсизлик! Фаолият йўналиши умуман бошқа-бошқа бўлган ушбу икки идора ходимлари салоҳиятини биридан бошқасини юқори қўйиши эса фитнадан бошқа нарса эмас.

 Адвокатнинг хали-ҳамон судьяларнинг ваколат муддати беш йил, деган тасаввур юргани, жуда юмшоқ айтганда, ачинарли. Судьялар “шу муддатда қандайдир моддий манфаатдорликка эга бўлиб олай” деган фикрда юриши,  “...иккинчи муддатга тайинланиш учун кимларнингдир тавсияси”га умид қилган ҳолда айнан ўшаларга ёқишга ҳаракат қилишига оид гапларига эса умуман тоқат қилиб бўлмайди. 

Донолик даъвосини очиқ кўрсатишдан тортинмаётган Ж.Муталипов наҳот 2017 йилдаёқ қонун билан судьялик лавозимида бўлиш муддатларига ўзгартишлар киритилиб, биринчи марта беш йил, шу даврда муносиб фаолият кўрсатгани судья кейинги сафар 10 йил муддатга, ундан кейин эса муддатсиз даврга тайинланишидан бехабар бўлса?! Судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги муддатига тайинланишда судьянинг иш сифати кўрсаткичлари ва  Судьялар одоби кодекси талабларига нечоғли риоя этилиши бош мезон эканидан-чи?  Тайинловларда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, жараён очиқ танлов ва муқобиллик асосида,  яна денг, илғор технологиялар ёрдамида  ўтказилаётганидан-чи?

Тайинловларга оид очиқ танлов эшиклари ҳамма учун очиб қўйилгани,  унда наинки оммавий ахборот воситалари ходимлари, ҳатто судьяликка номзодларнинг яқинларигача жараённи бевосита кузатишлари учун имкониятлар яратилгани ҳам жамоатчиликка маълум-ку?!

Бундан ташқари, Судьялар олий кенгаши томонидан судьялар фаолиятини электрон рейтинг орқали шаффоф баҳолашнинг аниқ мезонлар ишлаб чиқилиб, тўлиқ ишга туширилди. Электрон рейтинг, таъбир жоиз бўлса, судьялар учун ойна. Бунда ҳар бир судья ўз фаолияти натижаларини кузатиб боради. Рейтинг натижаларига кўра энг юқори кўрсатгичларга эришган судьялар ҳақли равишда рағбатлантирилмоқда. Паст кўрсатгичлар эса судьянинг кейинги муддатга тайинланишига таъсир этишига таъкид шарт эмас.

 Шу ўринда судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур жорий этилганини ҳам эслатиш ортиқчалик қилмайди.  Ушбу дастур ёрдамида судьянинг ёки судьялик лавозимига номзоднинг бир неча йўналишда психологик хусусиятлари аниқланади. Психологик тест натижаси ҳам тайинловда алоҳида эътиборга олинади.

Шунча янгилик, инсон омили кескин чекланган шунча янги тартиблар жорий этилиб, уларнинг ижобий натижалари яққол кўринаётган бир пайтда адвокатнинг судьялик лавозимида бўлишнинг кейинги муддатига тайинланиш учун “кимларгадир ёқиши” ёки “кимларнингдир тавсиясига” умид қилишига оид гаплари қип-қизил ёлғон, ўзи эса замон шиддатидан бироз орқада қолиб кетганини кўрсатмайдими?

 “Судлар тўғрисида”ги қонунда суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи  (агар суд қарорини чиқаришда қатнашган судья  атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса) судьянинг жавобгар бўлишига сабаб бўлмаслиги белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқилса, адвокатнинг “учта қарори ноқонуний деб топилиб, бекор қилинган судья ишдан бўшатилиши  керак” мазмунидаги гапига қандай қўшилиш мумкин?  У тилга олган илғор хориж давлатлари тажрибаси бизга ҳам аён. Ўша давлатларнинг бирортасида учта ҳукми (қарори) бекор қилинган судья ишдан кетади, деган қатъий қоида йўқ. Қолаверса, ўзимиздан бўлаётган катта-катта ўзгаришлардан бехабар ҳуқуқшуноснинг хориж давлатлари тажрибасидан бохабар экани катта шубҳа туғдирмай қолмайди кишида.

Ушбу баёнлардан ноқонуний қарорлар чиқараётган судьялар барибир жазоланмас эканда, деган хулоса чиқаришга шошманг. Аниқ рақамларга ўтишдан аввал, инсоф билан айтилса, Судьялар олий кенгаши фаолиятида очиқлик ва ошкоралик  аниқ кўзга ташланмаяптими? Кенгаш фаолиятига оид ахборотларда-чи? Жорий йилнинг ўтган даврида 41 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилгани, 221 нафари турли интизомий жазога тортилгани ҳақида куни кеча навбатдаги ахборот берилмадими? Ишдан четлатилганлар орасида ўз аризасига кўра кетганларидан ташқари судьялик қасамёдини бузгани, одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлари ҳам бор.

 Ястаниб ўтириб интервью бериш шарафдан кўра масъулият, аслида. Буни бир муддат прокуратурада ишлаб, бугунги кунда адвокатлик амалиёти билан шуғулланаётган Ж.Муталипов билмаслиги мумкин эмас. Шундай экан, у  ваколат муддати якунлангунча моддий манфаат ортидан қувадиган ёки тарафларга  “манфаат кўрмагани учун уларга  ўз ғазабини сочадиган судьялар” ҳамда “кимдир манфаатдор қилса, шу инсон манфаатига қарор чиқариб бериши ҳолатини кўп кўргани”га доир гапларига исбот-далил тақдим этишига тўғри келади. Далил-исботлар тақдим этилса, ўзи алоҳида қайд этганидек,  “бир нечта судьяларни жавобгар ҳам қилган”лари қаторига яна қўшилиши мумкин. Акс ҳолда ҳам қонун кўрсатган йўлдан борилади.

Дарвоқе, ўрни келган экан, аҳоли орасида гўёки “судда пулсиз ишинг битмайди”, деган тасаввур шаклланишига сабабчи бўлиш баробарида ўзича “судья билан ишни ҳал қилиши” ортидан қўлга тушиб, жиноий жавобгарликка тортилаётган сони Ж.Муталиповнинг ҳамкасблари орасида кўпайиб бораётганидан хавотирда эканимизни ҳам қайд этиб ўтмасак, бўлмас.

Юқорида баёнлар билан билан тизим муаммоларда мутлақо холи, деган фикрдан йироқмиз, албатта. Қилинадиган ишлар сероб, хусусан, судьяларнинг “Судьялар одоби кодекси” талабларига риоя этишидан тортиб, уларнинг дахлсизлигини янада самарали таъминлаш, айниқса, тизимда  коррупциянинг барвақт олдини олишда жамоатчилик кўмагидан умидимиз катта. Бу борада аччиқ бўлса ҳам аниқ факт, асосли мулоҳаза ва мантиқли таклифлар бош устига қабул қилинади (оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқларда Кенгаш ваколатига оид танқидий чиқишлар эътиборисиз қолдирилмаётгани бунга яққол мисол).

 Бироқ, ижтимоий тармоқлар орқали санамай саккиз деб, жамоатчилик фикрини чалғитиш эҳтимолини юзага келтираётганларга нисбатан Кенгаш муносабати қатъий.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech