“Хайр” эмас, “Кўришгунча!” – Конституциявий суддаги мўъжаз тадбирдан мухтасар лавҳа
Ҳар бир касб, ҳар қандай лавозимнинг ўзига хос паст-баландликлари бор. Ҳар бир соҳа ўзига хос олам, ҳар бир лавозим ўзгача дунё.
Бошқа соҳа вакилларига ҳурмат бажо келтирган ҳолда айтиш лозимки, суддек масъулиятли тизим, судьяликдай нозик лавозим кам, рости. Ҳали қирққа бормай сочи оқариб, элликдан ўтиб-ўтмай мўйсафидлик белгилари пайдо бўлган аксарият судьяларнинг қиёфаси ҳам ушбу лавозим залворини билдириб тургандай..
Шу маънода судьялик юкини кўтариб, тизимда узлуксиз ўттиз йиллаб ишлаш айтмоққа осон, холос...
Тизимдаги яна бир ўзига хослик бор: судьялар лавозимга тантана билан келади. Тартиб шундай: илк бор лавозимга тайинланганлар Олий суд Пленуми мажлисида қасамёд қилиб, кейингина ишга киришадилар.
Тантана билан ишга киришмоқ катта шараф, албатта. Бироқ, вақти-соати етиб, тизимдан тантанали кетмоқ ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Кеча судьялар ҳамжамиятининг тўрт нафар вакили иззат-икром билан пенсияга кузатилди. Бу наинки катта эътибор, балки катта саодат ҳамдир. Уларнинг барчаси чорак аср ва ундан кўп вақт судья ва тизимда раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилдилар. Ўтган давр мобайнида замонлар эврилди, тузумлар алмашди, аммо уларнинг ҳар бири қасамёдига содиқ бўлиб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссалари қўшиб келдиларки, шу боис ҳам бугун юзлари ёруғ, кўнгиллари хотиржам...
Бахтиёр Мирбобоевнинг ярим асрлик фаолиятининг тенг ярми илмий изланиш ва мураббийлик билан ўтган бўлса, кейинги йигирма беш йил давомида Конституциявий судда судья ва раҳбарлик лавозимида кечди. Камтар ва камсуқумлиги билан алоҳида ажралиб турадиган Бахтиёр домла шогирдлар эъзози, ҳамкасблари эътиборига ҳақли равишда лойиқдир.
Қаҳрамон Ўлжаев ўттиз етти йил узлуксиз судьялик лавозимида ишлади. Бу вақт мобайнида туман суди судьялигидан вилоят суди раиси ўринбосари, Олий суд судьясига бўлган йўлни бир маромда босиб ўтганининг ўзи алоҳида мавзу. Ишига жиддий, табиатан ҳазилкаш, суҳбати жонон Қаҳрамон ака кейинги йилларда Конституциявий суд судьяси ва Судьялар олий кенгашининг жамоатчилик асосидаги аъзоси сифатида самарали меҳнат қилганини алоҳида таъкидлаш шарт.
Генжемурат Пиржанов туман суди раиси, Олий суд, сўнг Конституциявий суд судьяси сифатида катта ҳаёт ва ибрат йўлини босиб ўтди. Фаолиятининг салкам ўттиз йили Конституциявий суд судьяси лавозимида ўтгани инобатга олинса, Генжемурат Оғанинг конституциявий қонунлар қабул қилинишидан тортиб, уларнинг амалиётга жорий этишгача бўлган жараёнларнинг бевосита иштирок этгани яна бир карра ойдинлашади.
Файзулла Қаюмов ҳам чорак асрдан кўпроқ вақт тизимда риёзат чекди. Мамлакатимиз ҳарбий судлари шаклланишида муносиб ҳиссаси бор. Фаолиятининг аксар қисми ҳарбий судларда раҳбарлик лавозимида ўтган Ф. Қаюмов қатор унвон-у мартабаларга муносиб кўрилди. Кейинги беш йил давомида Конституциявий судьяси лавозимида ҳарбийча интизом ва тартиб билан ишлаганини алоҳида эътироф этмасак бўлмас.
Номи тилга олинган муҳтарамларнинг барчаси Судьялар олий кенгаши қарори билан “Фахрий судья” кўкрак нишони билан тақдирлангани эса тантана билан бошлаган фаолиятнинг муносиб якуни бўлди, дейиш мумкин... Узр, “якун” сўзини нотўғри қўлладик, пенсияга кузатиш шунчаки расмиятчилик, уларнинг тажрибаси тизимга ҳали кўп ва хўп асқотадики, шу сабаб ҳам тадбирда “хайр” сўзи айтилмади, балки “кўришгунча” дейилди.
Тўғрисиям шу!