Совға масаласида судьяларга нисбатан янги тартиб ва қоидалар жорий этилди. Улар нималардан иборат?

29 Август 2022 10:09 753 Чоп этиш

 

Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 4 август кунги қарори билан «Судьялар томонидан совғалар қабул қилинганлиги ҳақида хабар бериш, топшириш, баҳолаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги низом ишлаб чиқилди. Бу ҳақда кенгаш матбуот котиби Турсунали Акбаров «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида маълум қилди. Низом президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги [ПФ-6127-сон] фармон ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Унинг сўзларига кўра, мазкур низом судьялар томонидан ўзининг мансаб ва хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ хизмат сафарлари ҳамда бошқа расмий тадбирларда иштирок этиши орқали совғаларни қабул қилиш, баҳолаш ва ҳисобга олиш тартибини белгилайди.

«Масқад — тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, судьяларда коррупцияга нисбатан муросасизлик иммунитетини шакллантириш», — деди Турсунали Акбаров

Қайд этилишича, судьяга (хизмат сафари ва бошқа расмий тадбирлардан ташқари) ўзига бўйсунувчи шахслар, суд назорати амалга ошириладиган органлар ва ташкилотлар, судлов ишларини юритиш иштирокчилари ёки мурожаатлари кўриб чиқилаётган жисмоний ва юридик шахслардан манфаатлар тўқнашуви вужудга келишига шарт-шароит яратишини олдини олиш ва суд қилинаётган суд ҳужжатларининг холислигига шубҳа туғдирмаслик мақсадида совғалар қабул қилиниши тақиқланади.

«Судьялар ўзига текинга хизматлар кўрсатилиши ёки ишлар бажарилиши, мол-мулкни вақтинчалик бепул фойдаланиш учун берилишидан ҳамда бошқа бирор-бир моддий манфаатдорликдан ҳам тийиши лозим. Бундан ташқари, судья нафақат ўзининг, балки оила аъзолари ва у билан бирга истиқомат қилувчи шахсларнинг ҳам бундай ҳаракатларни амалга оширишларини чеклаши керак. Агар судья оила аъзоларига одил судловни амалга ошириш фаолияти билан боғлиқ ҳолда совға тақдим этилганлигидан хабар топса, бу ҳақда дарҳол тегишли малака ҳайъати ёки Судьялар олий кенгашига хабар бериши зарур», — деди Турсунали Акбаров.

Умумий қоидага кўра, судьяга берилган (ёки у қабул қилинган) ҳар қандай совға суднинг обрўси ёки судьяга таъсир кўрсатишга қаратилмаслиги, шунингдек, бирон-бир функционал мажбуриятлари бузилишига олиб келмаслиги керак, дея қўшимча қилди кенгаш матбуот котиби.

«Судьяга хизмат сафарлари ҳамда бошқа расмий тадбирларда берилган совғанинг қиймати БҲМнинг уч бараваридан қиммат бўлмаслиги ва одатий ҳамда ахлоқий меъёрларга мос келиши лозим. Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, судьяга бирор тадбир иштирокчиси сифатида бериладиган канцелярия анжомлари ёки рағбатлантириш (мукофотлаш) мақсадида топширилган кичик эсдалик совғалар ҳамда тез яроқсиз ҳолга келадиган буюмлар, маҳсулотларни (масалан, гуллар, торт ва ҳоказо) қабул қилиши ҳеч қандай монелик йўқ», — деди у.

Унинг айтишича, агар совға беминнат, бироқ қиймати белгиланган миқдордан қиммат бўлса, судья бу ҳақда тегишли малака ҳайъати ёки Судьялар олий кенгашига хабар бериши лозим. Низомда белгиланган тартибда далолатнома тузилиб, совға Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларига топширилади. Шундан сўнг, судья икки ой муддатда совғани (агар у беминнат берилган бўлса) қайта сотиб олиши мумкин.

«Соғаларни топишириш, қайта сотиб олиш ёки департамент томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда сотиш қоидалари ҳам мазкур низомда белгилаб қўйилган. Совғани тасарруф этишдан тушган маблағлар Ўзбекистон бюджети тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда бюджет даромадига ўтказилади», — деди Турсунали Акбаров.

Таъкидланишича, низом талабларига амал қилмаган судьяларга «Судьялар одоби кодекси» талабларидан келиб чиқиб, тегишли таъсир чоралари қўлланилади. Агар пора совға шаклида берилса ва бу инкор этиб бўлмас далиллар билан тасдиқланса, судья албатта, жиноий жавобгарликка тортилади.

Манаба: «Газета.uz»

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech