“Орангизда янги Хадичалар, Ҳалималар, Мамлакатлар бўлса, не ажаб?”

8 Сентябрь 2022 17:33 971 Чоп этиш

            Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан  вилоят юридик техникуми талабалари билан учрашув ташкил этилиб, унда “Уч машҳур ўзбек аёли” китоби тақдим этилди.  

Бундай тадбирлар маърифий масканларда ташкил этилади, одатда. Бу сафар анъанадан бироз чекинган ҳолда суд биносида ўтказилдики, мақсад талабалар суд ва ундаги муҳит ҳақида кенгроқ тасаввурга бўлишига имконият яратиш эди. Судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафаев ва судья Муҳайё Дедамиразева махсус либос – мантияда пешвоз чиққанининг сабаби ҳам шунда. Чунки, талабалар тизимга бегона эмас, яъни, бўлажак ҳуқуқшунослар - Наманган вилоят юридик техникуми таҳсил олаётган ёшлардир.  Мавзу ва муҳит уйғунлиги тадбир таъсирчанлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши учун ҳам шундай йўл тутилди, хуллас.

...Асосий гапга ўтсак, биласиз,  Судьялар олий кенгаши яқинда яна бир хайрли ишни амалга оширди: ўзбек ҳуқуқшунослигида катта мактаб яратиб, тизимнинг том маънода афсоналарига айланган  академик  Хадича Сулаймонова,  профессор Мамлакат Восиқова ҳамда хизмат кўрсатган юрист Ҳалима Муҳитдинова ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Уч машҳур ўзбек аёли” китобини нашрдан чиқарди.

Тадбирда айтилдики,  китоб қаҳрамонлари ҳам қачондир ёш бўлган, уларга ҳам талабалик бахти насиб этган. Бироқ уларнинг ёшлиги билан ҳозирги ёшларнинг ҳаёти орасидаги фарқ ер билан осмонча  десак, бунда асло муболаға йўқ. Ўтган аср ўрталаридаги манъавий-иқтисодий аҳвол ҳозирги ёшлар учун эртакка ўхшаши мумкин. Бироқ китоб эртак ёки бадиий асар эмас, аксинча, архив материаллари асосида ёзилган ҳужжатли эсселар тўпламидир.   

Ҳозирги ёшлар машаққатли меҳнати ва изланишлари ортида катта муваффақиятларга эришган хорижлик тадбиркор, арбоб ёки кашфиётчилар ҳақида  кўпроқ маълумотга эгалиги сир эмас. Мазкур китоб бизда ҳам улардан қолишмайдиган шахслар борлигини уч машҳур аждодимиз мисолида кенг жамоатчиликка, айниқса, ёш авлодларга тақдим этгани билан аҳамиятлидир.

Аждодларнинг муваффақиятлари катта фахр, албатта. Шу баробарида  уларга муносиб авлод бўлмоқ масъулияти ҳам бор.  Ёш авлод ана шу масъулиятни теран ҳис этса, муваффақият сари ташланган биринчи қадами шу бўлади.

...Мазкур китоб сабаб ташкил этилган бугунги тадбир иштирокчилари орасида янги Хадичалар, Ҳалималар, Мамлакатлар ўтирган бўлса, не ажаб?!

                                                                      

Тўхтамурод РАЖАБОВ,

Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech