Қарорнинг тегишли банди бекор қилиниши керак - Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёноти

11 Сентябрь 2022 12:46 1126 Чоп этиш

"Kun.uz" сайтида тўғри таъкид этилганидек, туман судлари  раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига  тақдим этаётган ахборотлари  нотўғри талқин қилиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Натижада суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигига оид конституциявий нормаларга зид қарорлар қабул қилиниши кўзга ташланмоқда.

Яқинда Халқ депутатлари Бўстон тумани (Андижон вилояти) кенгашида шундай воқелик юз бергани ортидан Судьялар олий кенгашининг баёноти эълон қилинган эди. Натижада Судьялар олий кенгаши раисининг Бош прокуратурага тақдимнома киритиши ортидан Халқ депутатлари Бўстон туман кенгаши қарорининг тегишли банди бекор қилинди.

Ушбу хабар ҳали совуб улгурмасдан худди шундай ҳолат Халқ депутатлари Конимех туманида (Навоий вилояти) ҳам  кузатилди. Яъниким, жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди раиси М.Райимовнинг  2022 йил 1-ярим йилликда одил судловни амалга оширишга оид ишлар бўйича тақдим этган  ахборотидан сўнг маҳаллий кенгаши депутатлари VI-45-94-5-70-K/22-сонли (2022 йил, 5 август) қарор қабул қилиб, унда шу суд раисига бир неча банддан иборат вазифалар юклатилади.

Судьялар олий кенгаши такрор таъкид этадики, "Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасида туман (шаҳар) даражасидаги жиноят, фуқарлик, иқтисодий судлар раислари халқ депутатлари маҳаллий кенгашига фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида  бир йилда камида бир марта ахборот тақдим этиши белгиланган. Суд раисларининг ахбороти муҳокама этилмайди, балки маълумот учун қабул қилинади.

 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги қонунга (1-модда) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Ушбу қонуннинг 9-моддасида судьялар мустақил ва  фақат қонунга бўйсуниши, уларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши масалага беэътибор бўлмаган "Kun.uz" сайтига миннатдорлик билдириши баробарида Халқ депутатлари Конимех туман кенгашининг 2022 йил 5 августдаги VI-45-94-5-70-K/22-сонли қарори 2-бандини тоқат қилиб бўлмас ҳолат деб, баҳолайди ва у тегишли тартибда бекор қилиниши шарт.

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech