Судьялик лавозими учун нега ёш муҳим?
Ҳазрат Алишер Навоийда шундай сатрлари бор: “Инсон ҳаёти билан боғлиқ ўта муҳим масалалардан бири бу — адолат, халқ ҳаётига эътибор, давлатчилик сиёсати, халқ бошқарувининг барчаси адолат заминида бунёд этилади”. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари шундай дейганлар: “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топғусидир! Ҳар кимки жафо қилса, жафо топғусидир! Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз, Ҳар кимки ёмон бўлса (нотўғри иш қилса) жазо топғусидир”.
Бу сўзлар албатта биз судьяларга ҳам тааллуқлидир!
Судья учун қонун, ҳуқуқ ва юриспруденцияни яхши билиш кифоя қилмайди. У қонуншуносликдан ташқари, ўзининг ва мурожаат қилувчи ёки суд жараёнида иштирок этувчиларнинг ҳаётий ва ижтимоий тажрибалари тафовути билан боғлиқ нозик жиҳатларни илғай оладиган бўлиши лозим. Бундан ташқари, судья одамлар билан мулоқот қилиш бўйича мутахассис бўлиши, мулоқот кўникмасини яхши ўзлаштириши даркор. Ушбу ҳислатларни эгаллаш учун эса тўхтовсиз изланиш ҳамда вақт талаб қилинади. Шу билан бирга назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ёинки вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва қўллаш каби профессионал ҳаракатларга йиллар давомидаги тажриба орқали эришилади.
Бугунги кунда судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар учун энг кичик ёш 35 ёш этиб белгиланганлиги бежиз эмас. Бу қарорга бежизга келинмаган, албатта. Таҳлиллар кўрсатдики, 35 ёшга тўлмаган судьялар томонидан ҳукм қилинган қарорларнинг бир қанчаси юқори босқич судлари томонидан бекор қилинган. Аниқланишича, бекор қилинган қарорлардан аксариятининг қабул қилинишига судьялар томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилиши оқибатида йўл қўйилган. Содда қилиб айтганда, бунда ёш ва тажрибасизлик ўз сўзини айтган.
Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу ҳолат кўплаб ривожланган давлатларнинг қонунчилик амалиётида қўлланилади, айримларида ёш мажбурий этиб белгиланган бўлса, баъзиларида судья бўлиш учун барча босқичлардан ўтиб келган номзод 40 ёшдан ўтиб, пишиб, ҳаётий кўникмаларга эга бўлиб қолади.
АҚШ ва Францияда судьялар учун аниқ ёш чегараси белгиланмаган. Бироқ, мутахассислик бўйича зарур меҳнат амалиётининг юқорилиги ва бошқа талаблардан келиб чиқиб, ушбу лавозимга АҚШда 40-45 ёшдан, Францияда 40 ёшдан сўнггина амалда тайинланиш мумкин.
Буюк Британияда эса мустақил адвокат лавозимида 10 йилдан 20 йилгача ишлаган шахсларгина судья мақомига эга бўлиши мумкинлигидан келиб чиқиб, ёш чегараси ўртача 35-45 ёшни ташкил этади.
Хулоса сифатида айтсак, юртимизда бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида қилинаётган ишларнинг барчаси халқимиз фаровонлигини таъминлаш, деган эзгу ният булоғи билан суғорилганлиги ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Салоҳитдин ТУРСУНОВ,
Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси
("Odillik mezoni" журналининг 2022 йил, 8-сонидан олинди)