Биттаси ёлғон, биттаси мавҳум...

29 Сентябрь 2022 12:52 1101 Чоп этиш

“Telegram” мессенжеридаги “Bastion” мутасаддилари “лутф” этганидек, ушбу каналга мухлислигимиз йўқ, бироқ вақти-вақти билан кўз ташлаб қўйишимиз рост. Чунки, унда суд тизими, айниқса, айрим судьяларнинг хатти-ҳаракатига оид гоҳ ҳақиқатдан йироқ, гоҳ ўта-ўта бўрттирилган ахборотлар эълон қилинадики, уларга ўз вақтида ойдинлик киритилмаса, жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар шаклланиши эҳтимолини пайдо қилади. Иккинчидан, билдирилаётган муносабатлар каналга бўлган эътибордан кўра, унинг муаллифлари ҳуқуқий маданиятига берилаётган чизги ҳам ҳисобланади.

Мана, бир эмас, иккита мисол.

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни эълон қилинган хабарда жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг судья ва ходимлари бир судланувчига нисбатан ўқилган ҳукм нусхасини 20 кундан буён бермай овора-ю  сарсон қилинаётгани ҳақида бонг урилади. Қўшимча қилинидаки, бундан мақсад нима, деб.

Ҳолат ўрганилганда ушбу хабар ғирт ёлғон бўлиб чиқди: жорий йилнинг 14 сентябрь куни ўқилган ҳукм нусхасини судланувчи 19 сентябрь куни, жабрланувчи эса 22 сентябрь куни  тилхат асосида олган экан.

Шундан келиб чиқиб, хабар муаллифининг саволини ўзига қайтариш керакдай: ёлғон ахборотдан Сизнинг мақсадингиз нима?

Иккинчи мисолда   Судьялар олий кенгашининг “1190” рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, йигирма дақиқа кутиб қолгани, ниҳоят уланиш вақтида , оператор гўёки гўшакни қўйиб қўйилгани иддао қилинади (мурожаатчи ким? қачон  ва нима мақсадда қўнғироқ қилган - аниқмас?).

 “Ишонч телефони” нима мақсадда  йўлга қўйилгани маълум. Шу алоқа воситаси орқали Кенгаш томонидан йил бошидан буён икки мингдан кўпроқ мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг қарийиб саксон фоизи бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, қолгани ариза шаклида қабул қилинган. Ҳуқуқий тушунтириш бериш талаб қилинадиган мурожаатлар маълум фурсат талаб қилиши турган гап, баъзан бу жараён ярим соатгача чўзиладики, бу вақт оралиғида бошқа мурожаатчи бироз кутиб қолиши табиий (ташкилот “Ишонч телефони”нинг таомга буюртма оладиган ошхонадан фарқи ҳам шунда!). Илло, операторнинг қасддан гўшакни қўйиб қўйиши (баъзан рўй берадиган техник сабабларни айтмаса) кузатилмайдиган ҳолат.

Шундай экан,  пашшадан фил ясаб, “бундай ишонч телефони нима учун керак, агар фуқароларнинг мурожаати тингланмаса?” дея ҳукм-хулоса  чиқариш оқил одамнинг гапи эмас.

 Кенгашга мурожаат қилишнинг “Ишонч телефони”дан бошқа бир қанча имкониятлари (ёзма шаклда, электрон почта орқали ёки бевосита қабулга келиш) ҳам борки, бундан фойдаланишда ҳеч қандай муаммо йўқ.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech