Икки раҳбар судьяларни театрга олиб борди

30 Сентябрь 2022 11:43 765 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши ташаббуси Олий суд раҳбарияти томонидан  қўллаб-қувватланиши натижасида кечаги оғир иш кунининг якуни маданий ҳордиққа айланди. Яъниким, ҳар икки орган раҳбарлари бошчилигида Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Тошкент вилояти суди судьялари  Ўзбек миллий академик драма театрида “Адолат фасли”  (Усмон Азим асари) тарихий драмаси томоша қилинди.

Асарда  Амир Темур ўз ўғли - шаҳзода Мироншоҳ мирзони ўлимга ҳукм этиб, кейинроқ уни (ҳукмни) бекор қилиши билан боғлиқ тарихий воқелик ҳақида ҳикоя қилинади. Соҳибқирон ҳаётининг шу биргина парчаси мисолида ҳар қандай салтанат адолат билан барқарор экани, раиятнинг тинч ва хотиржамлиги, юртдаги баракотлар ҳам айни шу омил билан чамбарчас боғлиқ экани яна бир бор намоён бўлади. “Адолат” сўзи қанчалар жарангдор бўлмасин, уни амалда ифода этмоқ осон эмаслиги, бу борада шахс турли синов ва ғурбатларга дуч келиши, кучли ирода ва қатъият соҳибигина  бунга қодир эканига яна бир бор англашилади.

“Адолат фасли”да  етти иқлим ҳукмдори бўлган Темурдек зот ҳам адолат олдида бош эгиб, ўрни келса, ўз ўғлига нисбатан оғир ҳукм чиқармоққа мажбур бўлгани, бу жараёнда ота сифатида изтироблари-ю одил ҳукмдор сифатида қаътияти  жуда ҳассослик билан очиб берилган.

Энг муҳими, айбдорни жазога ҳукм қилиш мумкин, лекин у оғир ҳолатда (Абдуқодир найчи) ёки  ёшликда олган жароҳат сабаб ўз хатти-ҳаракатларини бошқариш имконияти чекланган бўлса (Мироншоҳ мирзо), ҳукмни ижро этишдан маъно йўқлиги ҳам Соҳибқирон тузукларида ўз аксини  топганини кўриш мумкин.

Суд тизими раҳбарлари томоша учун “Адолат фасли” шунинг учун ҳам танладики, буюк аждодлар билан фахрланиш баробарида уларга муносиб  авлод бўлмоқнинг ўзига яраша юки ҳам бор, ажабмас, спектакл  сабаб Соҳибқироннинг  адолат ва одиллик борасидаги тутган йўли унинг авлодлари ўлароқ бугунги судьялар қатъиятига қувват, зиммасидаги масъулиятни янада теранроқ ҳис этишига қўшимча туртки бўлса...

Чунки, тарих – ойна, тарих – тилсиз муаллим...

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech