Устозсиз шогирд шуъласи йўқ шамга ўхшайди

1 Октябрь 2022 22:10 1196 Чоп этиш

Шу кунларда Ўқитувчи ва мураббийлар куни ҳар доимгидан-да ўзгача кайфият, кўтаринкилик билан нишонланмоқда. Боиси, айни кунларда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига, илм-фан ривожи ва албатта, устоз-мураббийларга алоҳида эътибор қаратилаётганини барчамиз чуқур ҳис этяпмиз.

Президентимиз бошчилигида мамлакатимиз тараққиётининг янги даврига қадам қўйилган ҳозирги кунда давлатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ.

Шунингдек, ҳар бир соҳа ривожида билимли, тажрибали устозларнинг ҳам ўрни каттадир. Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида юзлаб ана шундай фидойи, ўз касбини чуқур биладиган устозлар фаолият юритиб, халқ хизматига камарбаста бўлмоқда.

Президетимизнинг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони доирасида суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришдаги аҳамияти, судлар фаолиятида нуронийлар тажрибасидан самарали фойдаланиш, ёш авлодга тарбиявий-маърифий сабоқ бериш борасида дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур фармонда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Бу борада амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Ана шу маълумотларни ёшларга ўргатиш борасида суд тизимида йўлга қўйилган “Устоз-шогирд” анъанаси келажакда етук малакали судьяларни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Жумладан, лавозимларга илк маротаба тайинланган ёш судьяларга илгари ушбу тизимда самарали фаолият юритган, меҳнат йўли кўпга намуна, тажрибали фахрий судьялар устоз қилиб бириктирилиб, улар доимо кўрилаётган иш билан боғлиқ қонуний қарор қабул қилишда ўзларининг бор билим ва тажрибаларини аямай, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатмоқда.

Суд тизимидаги устозлардан масъулият, ҳалоллик, фидойилик, одоб-ахлоқ сингари мезонлардан сабоқ олган шогирд, шубҳасиз, адолатли қарор чиқарадиган судья бўлади. Инсонга адолат, тўғрилик, ҳалолликни ўргатадиган инсонни эъзозлаш, ҳурмат қилиш эса халқмизга хос қадриятдир.

Комил инсон бўлишнинг асосий белгиларидан бири устозлик даражасига эришишдир. Ҳеч бир киши онадан билимдон бўлиб туғилмайди. У ҳаёти давомида кимдандир ўрганади, сабоқ, тарбия олади. Ҳар биримизнинг ҳаётимизда алоҳида ўрин тутадиган устозларни ҳар қанча эъзозласак, шунча оз.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар йўлида фидокорона меҳнат қилиб, соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлашда сидқидилдан фаолият олиб бораётган устозлар билан бўладиган ҳар бир учрашув, суҳбат тажриба, сабоқ, ибрат, ўрнак ва намуна мактаби бўлаётгани қувонарлидир.

Давлатимиз раҳбари байрам муносабати билан ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригида “Ҳозирги замонда ҳамма жабҳаларда илм, билим ва салоҳият сув билан ҳаводай зарурлиги, ҳар қайси давлат фақатгина шу асосда тараққиётга эришиши, содда қилиб айтганда, инсон билак кучидан кўра илм кучи билан кўпроқ даромад ва обрў-эътибор топиши мумкинлигини ҳаммамиз яхши англаймиз”, дея таъкидлади.

Мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ тизимида фаолият юритаётган барча устозлар соҳа учун билимли, салоҳиятли, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга кўтардиган мутахассислар тайёрлашда фидокорона меҳнат қилади.

 

Ҳамиджон Қаюмов, 

Тошкент вилояти Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди раиси

ЎзА

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech