Судья ва унинг оиласи хавфсизлигини Конституция даражасида кафолатлаш қанчалик муҳим?

4 Октябрь 2022 19:58 1046 Чоп этиш

ОАВда ёки турли ижтимоий тармоқларда «судья зўравонликка учради», «судьянинг дахлсизлигига таҳдид қилинди», «судьянинг ишига аралашишга ҳаракат қилинди» мазмунидаги хабарларга кўзимиз тушади.

Шу ўринда аниқ мисолларга тўхталсак, 2021 йил 13 апрель куни Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси хизмат вазифасини бажараётган пайтда унга нисбатан ишга алоқадор бўлмаган шахс жисмоний куч ишлатади. Судьянинг қўлидаги шахсий мобил телефонини тортиб олади ва уни ерга уриб, қасддан синдиради. Шунингдек, жамоат жойида қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлайди.

Судьялар олий кенгашининг тақдимномаларига асосан қисқа вақтда судьялар фаолиятига аралашувлар бўйича иккита жиноят, иккита маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан қонун доирасида жазо чоралари тайинлангани ҳам бу борада конституциявий ислоҳотлар ўтказишга зарурият борлигини кўрсатмоқда.

Одил судлов ва суд мустақиллигини таъминлашнинг муҳим шарти нима? Шубҳасиз, судьялар хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Судья ўзини хавфсиз ҳис этмас экан, одил судлов ҳақида ҳам, мустақил суд ҳокимияти ҳақида ҳам гап бўлиши мумкин эмас.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакатимизни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишидан бири – суд тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.

Қолаверса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида «ҳар бир инсон ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга»лиги тўғрисида қоида белгиланган.

Ўзбекистон қўшилган халқаро шартномаларда, хусусан, 1966 йилдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларида ҳамда БМТ резолюцияси билан тасдиқланган «Суд ҳокимияти мустақиллигининг асосий тамойиллари»да, шунингдек, Венеция комиссияси ва ЕХҲТнинг қатор ҳисоботларида давлатнинг судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.

Судьянинг мустақиллигини таъминлашда индемнитет ҳуқуқи муҳим роль ўйнайди. Индемнитет ҳуқуқи деганда нафақат судьянинг моддий ва ижтимоий таъминоти, балки хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Конституциянинг 112-моддасига ҳам янги қисмни қўшиш, яъни “Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди», деган таҳрирда қўшимча киритиш таклиф этилмоқда.

Табиийки, ҳамма ҳам судья томонидан қабул қилинган қарорлардан рози бўлавермайди. Ҳукмдан норози бўлган судланувчи ёки унинг тарафдорлари, қарорлардан норози бўлган жавобгарлар томонидан судья ва унинг оиласи ёки мулкига нисбатан хавф солиниши эҳтимоли мавжуд. Мана шундай вазиятларда судья ва унинг оиласи хавфсизлигини таъминлаш давлат томонидан кафолатланиши зарур. Қачонки судья ва унинг оиласининг хавфсизлиги таъминланса, судьяда ҳаловат бўлса, хотиржамлик ва ташқи турли тазйиқлардан холи бўлса, адолатли ва объектив қарорлар қабул қилади.

Мазкур нормани киритишга зарурият шундан иборатки, аввало, судьяларнинг қарор қабул қилишдаги шахсий мустақиллиги таъминланади, шунингдек, нафақат судьялар, балки уларнинг оила аъзолари хавфсизлиги давлат томонидан таъминланиши конституциявий даражада мустаҳкамланади.

Судьялар ва уларнинг хавфсизлигига нисбатан содир этиладиган ноқонуний хатти-ҳаракатлар нафақат судьялар корпусига ёки муайян суд институтига, балки давлатда шаклланган суд-ҳуқуқ тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, судьялар дахлсизлигини таъминлаш шахсий имтиёз эмас, балки мустақил ва одил судловни таъминлашнинг воситаси ва мажбурий заруратидир. Шу ўринда аниқ мисолларга тўхталсак, ушбу ўзгартиш натижасида 1300 нафарга яқин судья ҳамда уларнинг 10 минг нафарга яқин оила аъзоларининг хавфсизлиги давлат томонидан таъминланиши Конституция даражасида кафолатланади.

Зеро, суд тизими мустақил бўлмас экан, давлат ва жамият ривожланмайди, халқимиз ҳам қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилмайди. Яъни барча ҳуқуқий давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ҳар бир шахс ҳуқуқларини шахслар эмас, қонун, одил суд ҳимоя қила олишига эришмоғимиз лозим.

Айниқса, ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши бугунги шиддат билан ривожланаётган даврнинг ўткир талабларидан биридир. Бу эса, шак-шубҳасиз судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ишларни изчил равишда такомиллаштириб боришни тақозо қилади.

Судья ишига ҳар қандай аралашув ёки ўзи ва оила аъзолари хавфсизлиги учун доимий хавотирда бўлиши одил судлов фаолиятига жиддий путур етказади. Судьяга ўзининг ва оиласининг хавфсизлигини ўйламасдан фақат қонун ва ички виждонига асосланган ҳолда қарор қабул қилиш учун шароит яратиб берилиши шарт. Президентимиз таъбири билан айтганда, «судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат бўлиши»га эришиш учун давлат судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, судья ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш масаласи давлатнинг мажбурияти сифатида Конституция даражасида мустаҳкамланиши судьялар мустақиллиги ва одил судлов тизимининг конституциявий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ихтиёр БEКОВ,

Тошкент давлат юридик университети 

профессори, юридик фанлар доктори

Манба: Uza.uz


Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech