Мустақиллик масъулияти, дахлсизлик залвори – судьялар билан очиқ мулоқот ўтказилди

5 Октябрь 2022 19:23 841 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан кеча  яхши тадбир ўтказилди.  Мавзу номи бироз узунроқ: Судьялар фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўймаслик – суд мустақиллиги ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий мезони”. Бироқ  мавзунинг  муҳим ва долзарблиги шунга яраша-да.

  Олий суд раҳбарияти, тизим фахрийлари бевосита, барча вилоят судлари мутасаддилари  билвосита (онлайн) иштирок этган тадбир давра суҳбати шаклида ўтказилдики, бунинг боиси бор. Нега деганда, суд мустақиллиги, судья дахлсизлигига оид масалалар судьяларнинг ўзлари иштирокида ўтаётганда тадбир мавзу экан, бу борада узундан узоқ маърузалардан наф йўқ. Чунки, судьялар зиммасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни яхши билади. Гап уларни теран англаган ҳолда айни жараёнда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг самарали ечимида қолган.

Шу боис ҳам қайд этилдики, Давлатимиз раҳбари томонидан  2026 йилгача бўлган Тараққиёт стратегиясини амалга оширишдаги бешта муҳим вазифалардан бири суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш экани бежиз алоҳида таъкид этилгани йўқ. Чунки, қонун устуворлигисиз  на тараққиёт, на ривожланиш ва на барқарорлик бор. Қонун устуворлигини таъминлаш ваколатига суд органлари зиммасида экан, бу ўз-ўзидан судьяларнинг одил судлов амалга оширишдаги фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, уларнинг дахлсизлиги таъминлашни тақазо қилади. Зотан, судлар фаолиятига ғайриқонуний аралашувлар нафақат судьянинг, балки судга мурожаат қилган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинишига ҳам олиб келиши  аниқ 

Мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида судьялар дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг самарали ҳуқуқий механизм шакллантирилмоқда.  Хусусан, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан  Судьялар олий кенгаш раисига прокуратура органларига тақдимнома киритиш ваколати берилди. Ўтган қисқа вақт ичида Кенгаш  раиси томонидан киритилган тақдимномалар асосида судьялар фаолиятига аралашувлар бўйича қатор ғайриқонуний ҳолатлар фош этилиб, айбдорларга нисбатан жиноий жазога тортишгача бўлган чоралар кўрилши таъминланди. Бундан ташқари бевосита суд ишларига аралашувлар эҳтимолини яққол юзага келтираётган маҳаллий бошқарув идораларининг қарорлари бекор қилинишига эришилди.

Бундан ташқари судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинди. Суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб бориши қонун билан белгилаб қўйилгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Давра суҳбатида суд раислари томонидан судьяларнинг мустақиллигини чекловчи хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  Бу борада ваколати доирасида четга чиққан айрим суд раисларига нисбатан уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатишгача бўлган чоралар қўлланилгани маълумот учун айтиб ўтилди.

Шунингдек, алоҳида қайд этилдики, судьянинг дахлсизлик ҳуқуқи имтиёз эмас, жамият олдидаги улкан масъулият, шундай экан, судья ўз фаолиятига турли аралашувларга нисбатан муросасиз бўлиши, ўз дахлсизлигининг асосий ҳимоячисига айланмоғи шарт.

Очиқ мулоқот жараёнида ҳар чоракда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар клубининг онлайн платформаларида судьялар ўртасида дахлсизлик аҳволи тўғрисида аноним сўровнома ўтказиш, Жиноят кодекси 236-моддаси диспозициясини қайта кўриб чиқиб, судьянинг дахлсизлигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ҳамда суд пристави интитутини жорий этиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech