Анча гаплар йиғилиб қолган экан...
Бугун Тошкентда ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган ОАВ вакиллари ва блогерлар, шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг матбуот котиблари учун ўқув-машғулотлар бошланди.
Судьялар олий кенгаши ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир ҳисоб бўйича иккинчиси ҳисобланади. Ўтган йил ҳам ҳар икки орган ҳамкорлигида шундай ўқув-машғулотлари ўтказилган, якунда 45 нафар журналист ва блогерга сертификат ва ҳуқуқий қўлланма тақдим этилганди.
Бу галги тадбирнинг ўтган йилгисидан фарқи шундаки, унга вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг матбуот котиблари ҳам жалб этилди. Зеро, ўқув-машғулотлардан пировард мақсад журналист ва блогерларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашишдан ташқари суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни янада таъминлаш экан, бу жараёнда матбуот котибларининг ўрни катта. Яъниким, очиқлик ва шаффофлик эса биринчи навбатда матбуот хизматлари орқали таъминланади. Қисқача айтсак, матбуот хизматлари ташкилот ёки давлат органларининг юзи ҳисобланади. Бугун суд тизимида бўлаётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлашда матбуот котиблари зиммасига янги талаблар, янги вазифалар қўймоқда.
Тадбирда таъкид этилдики, “Ахборот асри” деб аталмиш бугунги даврда ахборотнинг аҳамиятини баҳолашнинг ҳожати йўқ. Шу маънода давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча жабҳаларида ахборот олиш имкониятини таъминлашга қўйилаётган талаблар бугунги очиқлик сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.
Шунингдек, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда суд ҳокимиятининг оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлигининг аҳамияти беқиёс. Бунинг учун журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларининг ўзлари, аввало, суд тизими тўғрисида кенг тасаввурга эга бўлиши, бу борадаги қонунчиликдан яхши хабардор бўлиши талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, ўқув-машғулотларида судлар фаолиятини ёритишнинг ўзига хос қирралари, айниқса, инсон шаъни ва қадр қиммати, шахсий ҳаётга оид маълумотларни ошкор қилишга доир қонун ҳужжатларидаги белгиланган тартибларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Энг муҳими, судлар фаолиятида очиқлик ва шафофликни таъминлаш жараёнидаги ахборот алмашинувида, яъни оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда очиқлик, холислик ва ишончлилик асосий мезон бўлиши керак.
...Бугун судлар фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар кам эмас. Шу боис ҳам ўқув-машғулотлари баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиши башорат қилинганди. Шундай бўлди ҳам. Машғулотларнинг бошланишидаги озроқ расмиятчиликни айтмаганда, қуруқ маърузабозлик, сунъий лутфлар кузатилмади ҳисоб. Журналист ва болгерларнинг суд тизими вакилларига айтадиган гаплари анча-мунча тўпланиб қолган экан. Уларга жавоб бериш асносида ижтимоий тармоқлардаги кўпгина чиқишларни умумлаштириб, уларнинг ҳуқуқий қуввати ҳам муҳокама этилдики, бу ҳар икки тараф учун ҳам фойдадан холи бўлмади.
Эртадан кейин ўқув-машғулотлар давом эттирилади.
Бевосита ва билвосита (онлайн) ўтаётган ўқув-машғулотларида 70 нафардан ортиқ журналист ва блогерлар ҳамда матбуот котиблари иштирок этмоқда.