Фаромушлик белгисими ё атайинлик аломати?

20 Октябрь 2022 21:50 1358 Чоп этиш

 “Telegram” мессенжеридаги “Bastion” каналида  судлар фаолияти, жорий этилган янги  тартиблар ва унинг натижалари қатори Судьялар олий кенгаши фаолиятига тааллуқли каттагина мақола эълон қилинди. Бош устига.  Ундаги фикрлар муаллифнинг (бироқ муаллиф кўрсатилмаган) шахсий мулоҳазалар эканини билдирувчи белги (“ИМХО”) қўйилгани ҳам хўб яхши, чунки, ҳар ким ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга.

Бироқ  гап ўша ҳуқуқдан қандай ва  қай мақсадда фойдаланишда бўлса, бошқа томондан, мулоҳазаларнинг қуввати қанчалик асос ва мантиққа бойлиги билан ўлчанишини ҳам эътибордан соқит қилмаслик лозим. Акс ҳолда, асоссиз ва мантиқсиз мулоҳазаларни беморнинг алаҳсирашидан  фарқи қолмайди. Шу боис каналдаги мақолага (яна-да тўғрироғи, мақоланинг Судьялар олий кенгашига тааллуқли қисмига) нисбатан муносабат билдириш лозим топилдики, унда баён этилган айрим ҳолатларга ойдинлик киритишдир.

 Иккинчи томондан, ушбу муносабат муаллифнинг маънавий ва ҳуқуқий салоҳиятига чизги вазифасини ўтаса, ажабмас. Зеро, фикр айтиш ҳуқуқи  - оғизга келганни қайтармай гапиравериш имтиёзини бермайди.

Иддаони қаранг. Муаллифга кўра, Судьялар олий кенгаши вақти-вақти билан  қанча судья интизомий жазога тортилгани, қанчасининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилгани ҳақида бонг уриб, бу билан гўёки “яхши ишлаётгани”ни кўрсатмоқчи экан, ваҳоланки, қонунни бузгани ёки ваколатини суиистеъмол қилгани ортидан ишдан олинган судьялар учун Кенгаш ҳам айбдор бўлиши керак, чунки, уларни айнан шу орган ишга тайинлайди.

Ҳар қандай тайинлов – шахсга билдирилган ишонч. У ишончни оқлайдими-йўқми – бу алоҳида масала. Бир оиладан  ҳам ўғри, ҳам тўғри фарзанд вояга етиши мумкин бўлгани каби  ҳар бир соҳа, ҳар бир тизимда  ишончни оқламайдиганлари ҳам учраб туради.  Ишончни оқлай олмаган ёки фаолиятида маълум камчиликларга йўл қўйган судьяларнинг  айнан Кенгаш томонидан жавобгарликка тортилиши ўз вақтида кўрилаётган чора, бу ҳақда жамоатчиликка  ахборот бериб борилиши эса “ўзини яхши ишлаётган” қилиб кўрсатиш эмас, балки Судьялар олий кенгаши фаолиятидаги очиқлик принципининг амалдаги ифодаси ҳисобланади.

Муаллифнинг фикрига қўшиладиган бўлинса, ишончни оқламаган депутат учун сайловчиларга, фирибгарлиги сабаб жиноий жавобгарликка тортилган адвокат учун унга лицензия берган ташкилотга, ишдан олинган туман ҳокими учун уни лавозимга тайинлаган вилоят ҳокимига (ва ҳоказо, ҳоказо...) таъна қилиш нечоғли мантиқдан бўлади?!

 Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби битирувчиларини “брак кадр”лар деб, уларни очиқ танлов ва муқобиллик асосида судьялик лавозимига тайинланишдаги шаффофликни очиқдан-очиқ шубҳа остига олиниши,  узрку-я, ноинсофликдан бошқа нарса эмас.

Рост-да, тайинловларга оид барча жараёнлар очиқ ва шаффоф ўтаётгани, уларда жамоатчилик вакиллари, хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар мунтазам иштирок этиб, бу ҳақда тўғридан тўғри ахборот бериб борилаётганини кўрмаслик ё билмаслик учун одам ё кўр, ёки кар бўлиши керак. Яқинда ўтган  тайинловга оид очиқ танловда ҳатто халқаро ташкилот эксперти ҳам кузатувчи сифатида қатнашиб, илиқ фикрлар билдирдики, бу наинки Кенгаш фаолияти, балки ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига берилган холис  баҳодир.

Иккинчидан, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг юздан ортиқ битирувчилари илк бор судьялик лавозимига тайинланган бўлса, кўз тегмасин, уларнинг бирортаси шу пайтгача интизомий жазога тортилгани йўқ. Шундай экан, муаллиф “брак кадр”ларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳайдалиб, айни пайтда қайсидир адвокатлик фирмаси ёки бюросига илиниб олиб, вақти-вақти билан “Bastion” орқали тизимга кесак отиб юрганлар орасидан излаши  керакдай.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнларини кузатиб, юз бераётган ўзгаришлардан теран хулоса чиқара оладиган инсон “ваколатлари муддатидан илгари тугатилаётган судьялар сони ортиб бораётгани”ни уларни шу лавозимга тайинлайдиган ваколатли орган фаолиятидаги камчиликдан кўра, уларга қўйилаётган жиддий талабларнинг натижаси, деб тушунади.

Қонун билан Кенгашга судьялар фаолиятини ташкилий ўрганиш учун  ваколати берилганини уларнинг фаолиятига таъсир ўтказиш воситаси, дея талқин қилиниши ҳам ислоҳотларни моҳиятини тушунмаслик, тизимдаги тартибларни билмасликнинг ўзгинаси ҳисобланади. Чунки, Судьялар олий кенгаши суд мустақиллигининг муҳим кафолати ўлароқ ташкил этилган конституциявий орган бўлиб, асосий фаолияти суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.

 Шундай экан, судьялар фаолиятини ўрганиш   ваколатини Кенгашдан бошқа органда бўлиши курак тугул, тувакда турмай-ку?! Қолаверса, Кенгаш коллегиал орган, бунда ҳар бир қарор битта шахс томонидан эмас, унинг (Кенгашнинг) 21 нафар аъзоси (уларнинг 7 нафари жамоатчилик асосида ишлайди) овози билан қабул қилинади.

Шунинг ўзи муаллифнинг “кимгадир ёқмай қолган судья”га нисбатан қандайдир жазо чорасини кўриш имконияти Кенгашда каттароқ, деган мазмундаги гаплари ҳақиқатдан йироқ эканини кўрсатади. Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоиз, айрим судларда иш юкламалари кўп, бундан Кенгаш бехабар деганлар янглишади. Аксинча, бохабарлиги боис изчил ўрганиб, таҳлил қилиб, керакли чора-тадбирлар кўрилмоқда, яна бир қўшимчаки, судьяларнинг иш юкламаларидан келиб чиқиб, уларга қўшимча рейтинг балл бериш амалиёти жорий этилган (айтганча, судьялар фаолиятини баҳолаш электрон рейтинг тизими, шунга қараб судьяларни рағбатлантириш, юқори вазифага тайинлаш, уларнинг касбига лойиқлиги бўйича психологик тестдан ўтказиш каби амалиётлар ҳам янгилик бўлиб, улар жорий этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ).  Буям уларнинг меҳнати ва заҳматига бўлган эътибор. Кези келган экан, яна бир рағбат - “Ибратли судья” мукофоти ҳам айнан юқори рейтинг баллга эга судьяларга топширилишини қайд этиш ортиқча бўлмас.

Муаллифнинг “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 64-моддасига зид равишда ўта оғир жиноят содир этмаган тизимнинг собиқ вакилларига нисбатан ҳам “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилаётганига оид фикрларга муносабат билдириш Кенгаш ваколатига кирмайди. Бу тергов органлари ваколатига доир масала бўлиб, фақат айтишимиз мумкинки, жиноят ишида  ҳар бир ҳолат ҳиссиёт ёки калта қарич билан эмас, қонун тарозига солиниб, аниқ далил ва мантиқ тошлари билан ўлчанади.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech