Қонунлар ва суд мустақиллиги ҳурмат қилингандагина жамиятда адолат барқарор бўлади

22 Октябрь 2022 14:57 658 Чоп этиш

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳозирги босқичида суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилаётир.

Бу борада судьялик лавозимига тайёрлашдан тортиб, уларни танлаш ва тайинлашга оид мутлақо янги тизим жорий этилди. Жумладан, алоҳида конституцион орган – Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши мустақил судьялар корпусини шакллантириш борасида муҳим қадам бўлди.

Судьяларнинг ташқи аралашувсиз, фақат қонун талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият кўрсатиши учун амалда шароит яратилди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали байрам табригида “Янги Ўзбекистон ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган давлатдир”, деб қайд этганлари жамиятда адолатни таъминлашга масъул бўлган судлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Шунингдек, Президентимиз суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмаслигини, суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозимлигини қайд этиш билан бирга, бунга эришиш учун амалга оширилиши лозим вазифаларни, хусусан, биринчидан, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши; иккинчидан, судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланиши; учинчидан, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилиши кераклигини ҳам кўрсатиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, баҳсли масалаларга қонуний, асосли ва адолатли ечим топиш судьядан катта масъулият, билим ва метин иродани талаб этади.

Зеро, судьянинг иш бўйича қабул қиладиган қарори одамлар, инсон тақдири билан боғлиқ бўлиб, тўғри ва адолат нуқтаи назаридан қабул қилинган қарор жамият тинчлиги ва осойишталигини, инсонларнинг эркин яшаши ва меҳнат қилишини таъминлашга хизмат қилади.

Аксинча, адолатдан зарра чекинган ҳолда қабул қилинган қарор - нафақат иши судда кўрилган тарафлар тақдирига, балки бутун жамият ҳаётига салбий таъсир этади.

Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида жамиятда адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан, судлар мустақиллигини таъминлаш, суд ишларига ҳар қандай аралашувларга барҳам бериш борасида қабул қилинган қонун ва қарорлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Буни ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш борасидаги мурожаатларнинг аксарият қисми қаноатлантирилаётганида, шунингдек ноҳақ айбланган шахслар судлар томонидан оқланаётганида кўриш мумкин.

Бироқ, сўнгги пайтда одил судловни амалга оширувчи судлар фаолиятига асоссиз аралашувлар, судьялар ва суд ходимларига нисбатан турли шаклларда босим ўтказиш, уларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш каби салбий ҳолатлар юз бераётганидан кўз юмолмаймиз.

Ваҳоланки, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 65-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига риоя этиши шарт. Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.

Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилинадиган суд ҳужжатларини шубҳа остига қўйиш, судьяларга нисбатан асоссиз ошкора айбловларни билдириш орқали судга босим ўтказиш, судьялар дахлсизлигига таҳдиддан бошқа нарса эмас.

Кимда-ким суд қароридан норози бўлса, қонун талабига кўра апелляция ва кассация инстанция судига мурожаат қилиш тартиби мавжуд. Мазкур инстанциялар томонидан тараф томонидан берилган шикоят очиқ, ошкора суд мажлисида кўриб чиқилади, барча келтирилган важлар ўрганилиб, суд қарорларига тегишли баҳо берилади.

Шунинг учун ҳам суд инстанциялари мавжуд. Яъни суд қарорига баҳони фақат ва фақат юқори суд беради. Бошқа бирон ташкилот ёки фуқаро ва мансабдор шахс ёхуд депутат суд қарорига баҳо беришга ҳақли эмас.

Худди шунингдек, судьянинг ноқонуний хатти-ҳаракатига ҳам судьялар малака ҳайъати ёки Судьялар олий кенгашидан ташқари, бошқа бирон-бир жисмоний ёки юридик шахс ўзича баҳо беришга ҳақли эмас.

Шунга кўра, судга иши тушган тарафлар амалдаги қонунларимизда белгилаб берилган ушбу тартибларга риоя этиши, суд қарорларидан норозилигини бошқача кўринишларда баён қилишдан тийилиши керак.

Жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат қарор топишини истаган соғлом фикрли ҳар бир инсон, аввало, ўзини, амалдаги қонунларимизни ҳамда суд мустақиллигини ҳурмат қилиши лозим. Зеро, амалдаги қонунлар ва суд мустақиллиги ҳурмат қилинган жамиятда адолат барқарор бўлиши муқаррардир.

Холмўмин Ёдгоров,

Судьялар олий кенгаши

раиси.

ЎзА

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech