Ўқув-машғулотлар: кимлар келди, қайси мавзуларда кўпроқ гапирилмоқда?

27 Октябрь 2022 20:58 810 Чоп этиш

 Судьялар олий кенгаши ва Ахборот ва коммуникациялар агентлиги (АОКА) ҳамкорлигида ўтказилаётган ўқув-машғулотлар якунига етиб қолди. Ўтган ҳафта бошлаганда ўқув-машғулотлари аввалига бироз сокин, шу баробарида  жиндек зерикарли туюлгани бор гап. Учинчи машғулотга келиб, мусоҳабаларда ростмона жонланиш сезилди. Кейингисида авж яна кўтарилди. Хулласи, борган сари баҳс-мунозаралар қизигандан қизиб, баъзан ренгламентдан чиқилдики, айрим иштирокчилар бундан эмас, балки ўзларига сўз тегмай қолаётганидан ранжишгани рост. Ташкилотчилар буни тўғри тушунмоқда, албатта. Чунки, ўқув-машғулотлари, асосан, жонли мулоқот тарзида ўтказилмоқда, бу жараёнда баҳслар қизиши ўз-ўзидан маълум. Бундай ҳолатлар иштирокчилар қуруқ маъруза эшитиш ёки (дастурдаги мавзу бўйича) конспект ёзиш учун келишмаганидан, улар тобора жамиятнинг фаол қатламига айланиб бораётганини кўрсатади.

Ўтган икки машғулот нимаси билан эътибор тортади? Уларда қандай мавзулар хусусида сўз юритилди?

...Ўқув-машғулотларига таклифни мамнуният билан қабул қилган Бош прокуратура Академияси кафедра доценти Дилзода Довудова судларда прокурор иштироки хусусида чиқиш қилди. Мухтасаргина маърузасидан сўнг  “саволлар ёмғири” бошланшини кутганми-йўқми, аммо ҳаммасига атрофлича жавоб беришга ҳаракат қилди.  Бунда унинг мавзу бўйича яхшигина амалий тажрибага эгалигидан ташқари худди шу  йўналишда илмий даража (PhD) соҳибаси экани наинки ўзига, иштирокчилар учун ҳам фойдадан холи бўлмади. Негаки, назариётчи - амалиётдан, амалиётчи назариётдан оздир-кўпдир оқсаши  аниқ, ҳар иккисини жамлаган мутахассисни эса мот қилиш қийин.

Алқисса, прокурор-олима мазмуни бир-бирига ўхшаш пайдар-пай саволларга жавобидан тушунилдики, ҳозирги прокуратура аввалгисидан фарқ қилади, прокурорлар судгача тергов жараёнидаги қонунийликни назорат қилса, судда ҳам қонун устуворлигини таъминлаш пайида бўлади, яширишнинг ҳожати йўқ, прокурорларнинг судда давлат айбловини қўллаши уларга нисбатан баъзиларда айрича қарашларни шакллатирган, бироқ унутмаслик керакки, давлат айбловини қўллаш орқали у  наинки давлат ёки жамиятнинг, балки фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳам қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, чунки ҳар бир жиноят ортида кимнингдир моли ёки жонига қасд қилиш, қисқа айтсак, ўзганинг манфаатларига етказилган зарарлар ётади, шундай экан, прокурорларга нисбатан “қораловчи” деган иборадан воз кечиш вақти аллақачон келган, бундай иборанинг ўзи қонунчиликда йўқ...

...Хорижлик эксперт, «Минтақавий мулоқот»  нодавлат халқаро ташкилоти ҳуқуқий масалалар бўйича мутахассиси Жэймс Иглиннинг иштироки “ёқимли сюрприз” бўлганини иштирокчилар очиқ эътироф этди. АҚШ суд тизимида жамоатчилик билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган меҳмон уммон ортидаги давлатда суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатларга тўхталди. Аввалига айтдики, суд фаолиятининг самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд томонидан қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига боғлиқ,  ҳар икки соҳа ўртасидаги ҳамкорликнинг  энг муҳим нуқтаси шунда. Бунда оммавий ахборот воситаларидан қулай ва самарали восита йўқ. Шунинг учун ҳам бундай тадбирлар фаол қўллаб-қувватланишга лойиқ. АҚШда ҳам суд тизимида ОАВ  ва блогерлар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор билан қаралади. Вақти-вақти билан бугунги тадбир каби  бевосита ва  билвоста жонли мулоқотлар ўтказилиб, уларда судлар фаолиятига оид янгиликлар тақдим этилади. Бундай тадбирларда судьялар ҳам иштирок этиб, муайян иш ва ҳолат бўйича ўз қарашларини билдириши мумкин. Бироқ  федерал судлардаги суд мажлисларида журналистлар иштирок этмайди, жараённи видеотасвирга олиш ҳақида-ку, гап бўлиши мумкин эмас. Бундай тартиб  федерал судлардан ташқари штат даражасидаги судларда кўриладиган жиноят ишларига ҳам тааллуқли. Штат судларида кўриладиган айрим тоифадаги ишларда судья журналистлар иштироки ва жараённи тасвирга олишлари учун рухсат бериши мумкин, шунда ҳам тарафларнинг розилиги талаб этилади... Шунингдек, меҳмон АҚШ судьяларнинг ўзига хослиги хусусида гапириб, машҳур  Фрэнк Каприони тилга олди, унинг суд процессини олиб бориш усули ва услубларига қисқа шарҳ берган ҳолда шундай амалиётни  ўзбек судьяларига ҳам тавсия этди...

...Ҳуқуқшунос ва блогер, “Telegram” мессенжеридаги “Yuristkadr” канали маъмури Сайидали Мухторалиев “Судлар фаолиятида жамоатчилик назорати. Блогерларнинг ҳуқуқий мақоми ва уларнинг судлар фаолиятидаги ўрни” мавзудаги маъруза билан  иштирок этди. Меҳнат ҳуқуқи бўйича тилга тушган мутахассис асосий эътиборни блогерлик, унинг ҳуқуқий асослари, бу йўналишдаги фаолиятдан даромад олиш ва у қайси ҳужжатлар билан тартибга солинишига қаратди. Яхшигина мунозаралар бўлди. Айрим саволларга тўлқинланиб жавоб берган бўлса, айримларидан энсаси қотганини  яшириб ўтирмади. Энг муҳими, блогерлик фаолиятдан яхшигина даромад қилиш мумкинлиги, фақат унинг иши жамоатчилик билан бевосита боғлиги учун наинки ҳар бир ахбороти, балки, ўрни келса, ноўрин ишлатган сўзи учун ҳам жавобгарлик борлигини ҳам  малол келмайдиган даражада қистиб ўтди...

...Баёнларимиздан ўқув-машғулотлари қандай ўтаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилдингиз, чамаси...

  Эртага охирги машғулот, якунда иштирокчиларга  ҳуқуқий қўлланма ва сертификат топширилади, насиб.

Албатта, ўқув-машғулотларнинг самарасини ҳозирдан айтиш қийин, чунки у машғулотларда иштирок этган журналист ва блогерларнинг фаолиятида акс этади.

Фақат мамнуният билан қад этиш мумкинки, бевосита ва билвосита ўтказилаётган ўқув-машғулотларида  иштирок этаётган журналист, блогер ва матбуот котиблари  56 нафарни ташкил этган бўлса, якунда  улар сони 81 нафарга етди...

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech