“Шошманг, Сизга яна битта совға бор”
Судьялар олий кенгаши ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ҳамкорлигида ўтказилган ўқув-машғулотларининг якунига бағишланган тадбирда қизиқ ҳолат юз берди.
Ўша куни Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилаётган яна бир амалий қўлланма - “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” китобининг назорат нусхаси айнан тадбир арафасига қўлга текканди, денг (изоҳ: китобнинг “назорат нусха” шуки, у бир ёки икки дона чиқарилиб, матнда хатолар бор-йўқлги, суратлари, ранг-рўйи яна бир бор назоратдан ўтказилади, ҳаммаси жойида бўлса, чоп этишга рухсат берилади).
“Назорат нусха”дан бирини обдон кўриб чиққан Кенгаш раиси Х. Ёдгоров нашрга розилик бергач, иккинчисини ўзида қолдирди. Шу аснода тадбир бошланди, расмий-норасмий гаплардан сўнг иштирокчиларга сертификат ва “Судлар фаолиятини ёритишнинг ҳуқуқий асослари ва ўзига хос жиҳатлари” номли амалий қўлланма топширилганидан хабарингиз бор.
Хабарингиз йўғи шуки, тадбир ниҳоясида айрим иштирокчиларга навбати билан сўз берилиб, гап навбати блогер Қорияхон Қодировага келганда кутилмаган ҳолат юз берди. У асли тадбиркор экани, фаолиятида етарлича муаммо ва синовларга дуч келаверганидан шулар ҳақида бонг уришга бел боғлаб, блогерликда ҳам ўз имкониятини синаётгани, бугунги тадбир ўзи учун фойдали бўлгани ҳақида гапирди.
Шу пайт Кенгаш раиси шартта ўрнидан турди-да, блогерга “Модомики, тадбиркор экансиз, Сизга яна битта ҳадямиз бор”, дея ҳали босмахона бўёғи уфуриб турган “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” китобини топширди. Сўнг айтдики, ушбуни тадбиркорларга ҳуқуқий қўлланма сифатида тайёрладик, ундан ўзингизни қийнаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишингиз аниқ, масалани судгача ҳал этиш то судларга қандай мурожаат қилишгача бўлган тартиблар ҳам ўз аксини топган, хуллас, қўлланма нафақат тадбиркорлик, балки блогерлик фаолиятингизда ҳам асқотиши аниқ...
Шу тариқа китобнинг илк нусхаси ўз эгасини топди.
...Айтганча, бугунга келиб, Судьялар олий кенгаши томонидан тайёрланган “Тадбиркорлар ҳуқуқи суд ҳимоясида” амалий қўлланмаси тўлиқ нашрдан чиқиб, ҳатто тақдимоти санаси ҳам аниқ бўлиб улгурди.
Насиб, китобнинг илк тақдимоти эртага (2 ноябрь) Тошкент вилояти суди биносида тадбиркорлар ва мутасадди органлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтади. Бундай тадбир жойларда ўтказиш ҳам режада бор. Иштирокчиларга мазкур ҳуқуқий қўлланма тарқатилиши ўз-ўзидан маълум. Албаттаки, текинга.