Одил судловнинг оддий талаби

9 Ноябрь 2022 09:03 690 Чоп этиш

Қандай шаклда бўлмасин, судьялар фаолиятига аралашмаслик — одил судловнинг оддий талаби, аслида. Оддийлиги баробарида жиддий ҳамдир. Жиддийлиги боис судлар фаолиятига аралашувлар қонун билан тақиқлангани сабаб бунинг учун жиноий жавобгарликкача жазо чорлари белгиланган. Чунки, суд ишига ҳар қандай аралашув кимнингдир манфаатини кўзлаб амалга оширилади ва алал-оқибат адолатсизликни келтириб чиқаради. Давлатимиз раҳбари бежиз такрор ва такрор таъкид этаётгани йўқ: суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Ҳақ гап. Одил судловда мағлуб томон бўлмаслиги, бунда қонун тантана қилиши, қонун олдида эса барча баробар эканининг туб моҳияти ҳам шунда.

Аравани отдан аввал қўйиб бўлмаганидек, суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигининг ҳуқуқий асослари ва самарали механизмларини янада такомиллаштирмай туриб, одил судловга эришмоқ маҳол. Шу боис кейинги йилларда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Судьялар олий кенгаши ташкил этилишидан тортиб, қатор ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, «Судлар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинишигача бўлган жараёнлар бунга яққол мисол.

Айниқса, давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур фармон ижроси доирасида судьялик лавозимига тайёрлаш, уларни танлаш ва тайинлашда янги тартиблар жорий этилиши баробарида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига аралашувларнинг олдини олиш масаласида ижобий натижалар кузатилаётганига кенг жамоатчилик гувоҳ.

Шунга қарамасдан судлар фаолиятига турли асоссиз аралашувлар, судьяларга нисбатан турли шаклларда босим ўтказиш, шунингдек, уларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш каби салбий ҳолатлар юз бераётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Ўтган қисқа даврда Судьялар олий кенгашининг тақдимномаси асосида судлар фаолиятига аралашувлар бўйича 4 та ҳолатда айбдор шахсларга жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг судлар мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигига таъсир этувчи 20 га яқин қарорлари бекор қилинганлиги бунинг исботидир.

Шунингдек, жорий йилнинг ўзида судьяга туҳмат ва ҳурматсизлик ҳамда суд биносидаги безорилик ҳаракатлари учун 24 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик, одил судловга қарши жиноят содир этганлиги учун 7 нафар шахсга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари кўрилганини ҳам қайд этиш ўринлидир.

Гап судьялар фаолиятига аралашувлар ҳақида кетар экан, шундай ҳолатлар бор-йўқлиги изчил ўрганиш ва кечиктириб бўлмас чоралар кўришни ҳам тақазо этади. Айни шу мақсадда Судьялар олий кенгаши томонидан судьялар ўртасида ёпиқ (аноним) сўров ўтказилди. Сўров натижаларига кўра, қарийб саксон беш фоизга яқин судья фаолиятида босимларга дуч келмаётганини, 14,9 фоизи у ёки бу кўринишда ишига аралашувлар мавжудлигини билдирган.

Сўров натижалари таҳлили кўрсатишича, дахлсизлигига таҳдид ёки фаолиятига аралашув юз берган ҳолатларда барча судья ҳам бу ҳақда маълум қилавермайди, арзимас ҳолат, деб ҳисоблайдиганлари ҳам йўқ эмас. Муайян ҳолатдан келиб чиқиб, бу аралашувми-йўқми, мурожаат қилсам, қандай тушунишади, дея иккиланадиганлари ҳам оз эмас экан. Буларнинг олдини олиш мақсадида, суд ишларига ҳар қандай аралашувларнинг олдини олиш борасида Судьялар олий кенгашига мурожаат қилишнинг алоҳида тартиби жорий этилди.

Энди тўғридан-тўғри Кенгашга ёзма ва электрон мурожаат қилиш, шунингдек аниқ ҳолатлар бўйича Кенгаш ходимлари ёки раҳбарият билан маслаҳатлашиш имкони яратилди.

Ҳалоллик, холислик ва салоҳият — судья учун энг бирламчи талаблар ҳисобланади. Мазкур хислатлардан ташқари судьяда ўз ҳуқуқига нисбатан даъвогарлик ҳисси ҳам шаклланган бўлиши керак. «Ҳақ берилмас, олинур!», дейди донишманд аждодимиз Абдулла Авлоний. Дахлсизлик — ҳуқуқ, демак, унинг самарали ҳимояси биринчи навбатда судьянинг ўзига боғлиқ.

Судья ўз дахлсизлигини муҳофаза қилиш орқали бошқаларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Демак, дахлсизлик ҳуқуқи — имтиёз эмас. Аксинча, масъулият. Юқоридаги айтганимиз: оддий талабнинг нақадар жиддийлигини шундан ҳам билиш мумкин.

Холмўмин Ёдгоров,
Судьялар олий кенгаши раиси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech