Кенгаш нима дейиши мумкин?
“Telegram” мессенжеридаги “Bastion” канали мутасаддиларини ёш бола десак, даъвоси улкан: ўзларини “ҳақиқат ва адолатни ҳимоя қўрғони”, деб ҳисоблайди. Даъвосига қаралса, баъзан ёш боланинг ишини қилиб туришади-да.
Куни кеча каналда навбатдаги “шов-шувли” хабар эълон қилинди: Асака тумани собиқ ҳокими М. А.га оид жиноят иши ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Пахтаобод туман судига келиб тушиб, иш кўриш тайинланганига қарамай “дело”ни қайтариб олибди, энди “иш” тугатилармиш...
Жиддий ўрганилмаган ва текширилмаган хабар охирига “Судьялар олий кенгаши нима дейди бунга?” дея савол қўйилганидан энса қотади. Тўғри-да, Кенгаш ваколатига кирмайдиган масала хусусида нима дейиш мумкин? Ҳеч нарса.
Шунга қарамай хабар бўйича жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар пайдо бўлмаслиги учун ойдинлик киритамизки, М. А.га оид жиноят иши, хабарда қайд этилганидек, судда кўриш учун тайинлангандан кейин эмас, аксинча, судда кўриш учун тайинлангунга қадар прокуратура органи томонидан чақириб олинган. Бу қонуний жараён бўлиб, унинг тартиби “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасида ўз аксини топган.
Яна бир аниқлик: бугунда ушбу жиноят иши янгитдан жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг иш юритувига келиб тушган, бу ҳолат хабардаги гўёки республика раҳбарлик идораси топшириғига кўра “дело энди тугатилади”, мазмунидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатади.
Суд иш юритувига олинган жиноят иши эса тегишли тартибда мазмунан кўриб чиқилиши ўз-ўзидан маълум.
Бор гап шу.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати