Бугуннинг аёл судьялари: ҳуқуқ, бурч ва талаб
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Тошкент шаҳар судида “Бугуннинг аёл судьялари: ҳуқуқ, бурч ва талаб” мавзуида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Конституциявий суд вакилалари ҳамда пойтахт ва Тошкент вилояти судлари фаолият кўрсатаётган аёл судьялар иштирок этди.
Тадбир қайд этилдики, бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини фаол хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Жумладан, одил судловни амалга оширишда ҳам аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар сони кўпайиб, 177 нафарга етди. Уларнинг 26 нафари тизимда раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Аёл судьяларнинг салмоқли қисми Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. Хусусан, пойтахт судларида 42 нафар аёл судьялар фаолият кўрсатаётган бўлса, Тошкент вилоятида судларида бу миқдор 19 нафарни ташкил этади.
Судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши ортиши ижтимоий муносабатларга аёллар нуқтаи назаридан қараш ва баҳо беришга янада кенгроқ имконият яратади. Зеро, аёл судья ўзи кўриб чиқаётган низоли ишдаги ижтимоий ҳолатларга она ёки опа-сингил сифатида ўз муносабатини билдиради. Бу эса жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига хизмат қилишига шубҳасиздир.
Бундан ташқари хотин-қизлар доим ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилишга тортиниши, бунинг оқибатида қатор муаммолар ечимини топмай қолиб кетаётгани каби ҳолатларни бартараф этишда аёл судьяларнинг фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади.
Барча судья бир хил мақом ва мажбуриятга эга эканлиги эътиборга олинса, тизимдаги опа-сингилларимиз жамиятда қонунийлик ва ижтимоий адолатни таъминлашда эркаклар билан баробар меҳнат қилаётгани яна бир карра ойдинлашади. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида одил судлов фаолиятини самарали амалга ширишдан ташқари саранжом уй бекаси, меҳрибон она сифатида фарзандлар тарбиясидек қатор масъулиятлар ҳам бор.
Тадбирда суд тизимида гендер тенглигини таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ва ечимини кутаётган муаммолар таҳлил қилиш баробарида аёл судьяларнинг муҳофазаси ҳамда масъулиятини янада ошириш борасида ҳам алоҳида сўз борди.
Шунингдек, аёл судьяларнинг психологик ҳолати, айниқса, судда стрессларни енгиш, иш ва шахсий ҳаётида ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, “Судьялар одоби кодекси” талабларига риоя этиш ҳамда тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш каби масалалар хусусида ҳам анча самимий, бироқ жиддий оҳангда гаплашиб олинди.