Судьялари ассоциациясининг VI съезди бўлиб ўтди
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг VI съезди бўлиб ўтди.
Унда республика судларида фаолият кўрсатаётган судьялари орасидан сайланган 200 нафардан зиёд делегатдан ташқари Олий суд, Конституциявий суд раислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мамлакат раҳбарлик идоралари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам ҳозир бўлди.
Съезд ишини Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров бошқарди.
Таъкидландики,1997 йилда ташкил этилган Ўзбекистон судьялари ассоциацияси судьяларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўтган давр давомида ассоциация суд мустақил жамоат ташкилоти сифатида шаклланди. Одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлашда, малакали судьялар корпусини шакллантириш, суд ҳокимиятининг нуфузини оширишда ўз сафида мингдан ортиқ аъзони жамлаган Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг ҳам муносиб ўрни бор.
Съездда Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг 2017-2022 йиллардаги фаолиятига оид ҳисоботи тингланди. Қизғин муҳокамалардан сўнг ассоциациянинг ўтган беш йиллик фаолити қониқарли, деб топилди.
Съезд ишида ассоциацияси Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилиб, кўпчилик овоз билан маъқулланди.
Шунингдек, делегатлар муқобиллик асосида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раисини сайлаш масаласини кўриб чиқдилар.
Якунда ушбу лавозимда фаолият кўрсатиб келган Убайдулла Мингбоев Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раислигига қайта сайланди.
Шунингдек, 16 нафар Марказий кенгаш, 3 нафар Тафтиш комиссияси аъзолари ҳам сайланди.
Тадбир якунида Судьялар олий кеншгаши қарори билан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар тўққиз нафар фахрийларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Судьялар ассоциациясининг жойлардаги филиалларининг 5 нафар раисига ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилди.
Шу билан съезд ўз ишини якунлади.