Халқаро конференциядан нималар кутилмоқда?
Бугун Тошкентда Судьялар олий кенгаши ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида “Суд ҳокимияти мустақиллиги ва тизимда гендер тенглиги масалалари мавзусида” халқаро конференция бошланди.
Конференция ишида хотин-қизлар масалаларига масъул давлат органлари, Сенат аъзолари, аёл судьялар, шунингдек, АҚШ, Словения, Қирғистон ва Қозоғистон давлатлари суд тизими вакиллари иштирок этмоқда.
Халқаро конференциядан мақсад – суд тизимида хотин-қизларнинг улушини оширишни таъминловчи ташкилий ва ҳуқуқий асосларни халқаро ва хорижий тажриба асосида такомиллаштиришдан иборат.
Бугунги кунда Ўзбекистонда судьялар орасидаги хотин-қизларнинг улуши қарийиб 14 фоизга (180 нафар) етди. Бу кўрсаткич Козоғистонда 51, Россияда 66, Словенияда 70, Португалияда 75 фоизни ташкил этади.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улушини ошириш 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказиш назарда тутилган.
Мамлакатимиз аҳолисининг 49,7 фоизини хотин қизлар ташкил этади. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида тизимда гендер тенгликнинг таъминланиши жамиятдаги тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, оилавий зўравонликнинг келиб чиқиши ва оқибатларини аниқлашда, қисқаси, одил судлов самарадорлигини оширишда ижобий натижалар бериши ўз-ўзидан маълум.
Конференция натижасида суд тизимида жинс бўйича камситиш кўринишларини аниқлаш ва уларни бартараф этишнинг самарали механизмларини яратиш, судьялар учун амалий машғулотлар ўтказиш орқали гендер тенгликни таъминлашдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни батараф қилиш бўйича таклифларни шакллантириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, хорижий давлатлар ҳамда миллий тажрибани таққослаш асосида суд тизимига аёл судья ва суд ходимларини кенг жалб қилиш бўйича тегишли таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.
Конференциянинг бугунги иш куни доирасида фаол ҳамкорлик учун халқаро ташкилот вакилларига Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари, Бош қомусимиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан “Фахрий судья” кўкрак нишони билан тақдирланган бир неча нафар аёл судьяларга эса мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Халқаро конференция эртага ўз ишини якунлайди.