“Судья – гапирадиган қонун, қонун эса тилсиз судьядир”

9 Декабрь 2022 10:00 1243 Чоп этиш

 ...Болаликда орзулар турфа хил бўлади. Ўғил болаларнинг аксарияти прокурор, ички ишлар ходими ёки судья бўлишга орзуманд бўлиши табиий. Очиғи, мен ҳам судья бўлишни орзу қилмаганман. Болаларча (ва беғуборларча) тасаввуримга кўра: судьяларга жуда осон, хоҳласа қамайди, хоҳласа озод қилади...

 Вақт ўтди, улғайдик, тақдиримизда бор экан: судья бўлмадиг-у, лекин судьялар билан бирга ҳамнафас ишлаш насиб этди.  Ҳар куни иш юзасидан судьялар билан мулоқотдаман. Журналист бўлганим учунми уларни баъзан зимдан кузатаман. Узун йўлак бўйлаб маълум бир иш бўйича ўзаро шивирлашиб баҳслашган ҳолда ёнимдан ўтиб кетишади. Мен эса уларнинг ортидан қараб қоламан.

Бир кунгина судьялик

Бир кунгина судья бўлишни тасаввур қила оласизми?

 Кўзларимни бир зумга юмиб тасаввур қиламан... Ана, ўзимча судланувчи сўроқ-савол қиляпман. Покурор бу  дейди-адвокат бу дейди. Бу ёқда судланувчининг яқинлари, бола-чақаси мўтираб турибди. Маслаҳатхонага кираман. Ўзимча ўйланаман, иккиланаман, қандайдир хулосаларга келаман.   Бир инсоннинг бошқа бир инсон устидан ҳукм ёки қарор чиқариши осонми, ахир?!  Салгина эътиборсизлик бир инсоннинг кейинги тақдири бутунлай бошқа тарафга ўзгариб кетиши ҳеч гапмас.

...Бирдан хушёр тортаман. Хаёлларим тумандай тарқайди. Йў-ўқ, судьялик ҳаммага (жумаладан, менга ҳам) эмас экан. Унинг юки жуда оғир. Чунки,  алламаҳал бўлганига қарамай иш столига мук тушиб, ёстиқдек иш (дело)ларни варақлаб, ўйга чўмиб ўтирган судьяларни кўп кўрганман...

Ҳаммага ҳам ёқмайсиз

Судья ҳаммага ҳам ёқмайди. Токи ишда икки тараф бор экан, ютган тараф рози, ютқазган тараф норози бўлаверади. Икки томонни бирдек рози қилиш мушкул. Шундай экан, ким нима дейишидан, нима деб ўйлашидан қатъий назар, қарор энг оқилона, энг адолатли бўлиши учун судья аввало қонунга таянади. Зеро қадимги мутаффаккирлардан бири айтганидек, судья  – гапирадиган Қонун, қонун эса - тилсиз судьядир.

Сир эмас, бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳамма ижтимоий тармоқда жавлон ураётгандек, гўё... Ўзини бузилган ҳуқуқларни тиклайдиган фаол, жонкуяр деб жар (улар орасида обрўли, эл назаридаги инсонлар ҳам борлиги ажабланарли)солаётганлар ҳам оз эмас. Уларнинг чиқишларига эътибор берсангиз, Ўзбекистонда, хусусан, судларда умуман адолат йўқдай гўё... Лекин ҳеч бир киши айтмайдики, бу одам адолат посбоними ёки  тарафкашими?! Танганинг икки томони бўлганидек, асл ҳақиқатни билиш учун нариги тарафни ҳам эшитиб кўриш керакмасми? Бундайларни ижтимоий тармоқда дуо қилиб, кўтар-кўтар қилувчилар ҳам кўп бўлади ва бу табиий ҳол. Зийрак кузатувчи эса хулоса чиқаришга шошилмайди. Воқеанинг асли моҳияти очилгунча муносабат билдиришдан тийилиб туради.

Алқисса...

...шу юртнинг ҳар бир фарзанди, ҳар бир инсони бизга азиз. У қайси касбда бўлишидан қатъий назар. Жумладан, судьялик либосини кийганлар ҳам. Барча соҳалар қатори судьялар ҳам гарчи асосли ёки асоссиз бўлса-да, танқидлар нишонига айланаётгани бор гап...

...Ушбуни ёзаётганимда хонамга эгнига мантия илган, янги келган ёш судьяларимиздан бири кириб келди ва: “Ака, биринчи ишим, ҳаяжондаман, мантия ўзи юпқа бўлса-да, жуда оғир туюляпти,”деди. Мен эса “Адолатнинг юки шунақа оғир бўлади-да, қози бува”, дея кўнглини кўтардим...

Ёш судья жилмайиб суд зали томон йўл олди.

Мен ёзмишларимни давом эттирмоқ ниятида уч-тўрт жумла ёзудимук, кўп ўтмай ўчириб ташладим. Ўйлаб қарасам ёзмоқчи бўлган гапимни ёш судьяга айтиб бўлган эканман...

 

 Шерзод Худайбердиев

Тошкент вилоят суди матбуот

хизмати ходими

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech