Немисча ҳисобга ўзбекча нигоҳ: Судьялар олий кенгаши германиялик ҳамкорлар билан муҳим мавзуда халқаро семинар ўтказди
Ривожланган мамлакатларда маъмурий судларнинг ўрни алоҳида ўрни бор. Чунки, айнан маъмурий судларда мансабдорларнинг ғайриқонуний қарорлари, ҳаракатларига (ёки ҳаракатсизлигига) ҳуқуқий баҳо берилади. Ушбу суднинг айниқса, фуқаро ёки тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳимлиги ҳам шунда.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом этаркан, маъмурий судлар фаолияти, унинг ваколатларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 29 январда куни қабул қилинган “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-107-сон қарори бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Чунки, мазкур қарорда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланган.
Албатта, ҳар қандай тизим фаолияти самарадорлигини оширишда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш яхшигина туртки вазифасини ўтайди. Суд тизими ҳам бундан мустасно эмас. Маъмурий судлар фаолияти бўйича илғор европа давлатлари, хусусан, Германия тажрибаси айниқса эътиборга молик. Қолаверса, ушбу давлатнинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келинмоқда.
Куни кеча ушбу ҳамкорлик доирасида “Маъмурий судлов ишларини юритишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди. Унда Судьялар олий кенгаши, Олий суд мутасаддилари ва мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган маъмурий судлар судьялари бевосита ва билвосита (онлайн) иштирок этди.
Тадбирда маъмурий судлов ишларини юритишдаги хорижий тажриба, бу борадаги қонунчиликни такомилллаштириш масалалари хусусида сўз борди. Шунингдек, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди ҳамда ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама этилди.