Ҳақиқат баҳсларда туғилади – Судьялар клубининг форуми бўлиб ўтди

15 Декабрь 2022 20:24 934 Чоп этиш

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар клубининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари онлайн форуми бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Халилилло Тўрахўжаев бошқарган тадбирда мамлакатимиздаги барча фуқаролик суди судьялари масофадан туриб иштирок этди.

 Маълумки, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга Ўзбекистон Судьялар клуби жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда.

Клуб ташкил этилганига ҳали икки йил тўлгани йўқ. Ўтган қисқа вақт давомида унинг  фаолияти шаклланиб, тизимда ўз ўрнини топиб улгурди. Судьялар клубининг асосий ишлаш платформаси унинг онлайн форуми бўлиб, бу  барча судьяларга ўзаро мулоқот қилиш имконини беради.

Қайд этилдики, бугун фуқаролик ишлари бўйича судларда 398 нафар судья фаолият юритиб келмоқда. Мазкур йўналиш судьялари томонидан йил давомида клубнинг электрон платформасида суд амалиётида учраётган муаммолар, уларнинг ҳамда казуслар бўйича 2308 та мавзу муҳокамаси  бўйича 44836 та фикр-мулоҳаза билдирилган.

Айни рақамлар ҳисобот учун  айтилгани йўқ. Аксинча,  рақамлар муҳокама этиладиган мавзу кўплигини кўрсатиши баробарида судьяларнинг фаоллиги ҳамда клубга  зарурият қанчалар катта эканини яна бир бор намоён этади – гап шунда.

Муҳокамаларда асосан меҳнат, оила, мулк ва уй-жой, шунингдек, алимент, етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришга оид низоларни кўриб чиқишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари, бу борада Олий суд Пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришларга бўлган эҳтиёж ва қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ўртага ташлангани қайд этилди.

Тадбирда энг муҳокама этилган мавзулар бўйича фикр алмашилди, анча-мунча саволларга шу жойнинг ўзида жавоб топилди. Бироқ бу  - тадбир қуруқ маърузалар, ғиж-ғиж рақамлар баландпарвоз оҳангда тилга олиш билан ўтди, дегани эмас.

Аксинча, тортишув, баҳс-мунозараларга етарлича бўлдики, буниям  алоҳида эътироф этиш лозим.

 Зеро, ҳақиқат шундай баҳс-мунозараларда туғилади.

  Ўзбекистон Судьялар клубининг шундай форуми яқин келажакда жиноят, иқтисодий ва маъмурий судлар судьялари билан ҳам алоҳида-алоҳида ўтказилиши режалаштирилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech