Президент таклифи ва жаҳон ҳамжамияти эътибори: Судьялар кенгашлари фаолиятига оид халқаро ҳужжат ишлаб чиқилмоқда
Бугун Судьялар олий кенгаши, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Судьялар кенгаши органлари фаолиятининг унверсал принциплари” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги (2021 йил 21 февраль) маърузасида Судьялар кенгаши органлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурганди. Жаҳон ҳамжамиятида судьялар кенгаши органларининг сони кўпайиб бораётганлиги ҳамда халқаро миқёсда ушбу органлар фаолиятини тартибга солувчи аниқ халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг мавжуд эмаслиги Президентимизнинг бу таклифи нақадар долзарблигини исботлайди. Негаки, суд органлари ва судьяларнинг мустақиллиги кўп жиҳатдан айнан Судьялар кенгашларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти билан узвий боғлиқдир. Зеро, Судьялар кенгашларининг мустақиллигини таъминламай туриб, бутун суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш имконсиздир.
Шу боис ҳам халқаро тадбирда алоҳида таъкид этилдики, Судьялар кенгашларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашдаги роли унинг фаолиятини мустақил тарзда олиб боришни кафолатлайдиган демократик принциплар асосида ташкил этилганига бевосита боғлиқ. Бунда Судьялар кенгашлари фаолиятини демократик тарзда ташкил этиш ва холис амалга ошириш, унинг аъзолари мустақиллигини таъминлаш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатларни белгилаш муҳим вазифа ҳисобланади.
Тадбирда давлатимиз раҳбари таклифидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасалари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилгани ва Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларига оид халқаро ҳуқуқий-норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилгани яна бир эътироф этилди. Шунингдек, умумжаҳон миқёсда қабул қилиниши режалаштирилаётган мазкур халқаро ҳужжат лойиҳасини барча давлатларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақа ва дунё экспертлари таклифлари муҳокама қилинди ҳамда фикр алмашилди.
Тадбирда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари Бюросининг директори, Маттео Мекаччи, ушбу Бюро маслаҳатчиси Надика Раджаратнам, Хорватия Конституциявий судининг собиқ судьяси Славица Банич, ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Ханс-Ульрих Им, академик Акмал Саидов ва бошқа халқаро ҳамда маҳаллий экспертлар ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этди.