Кенгашдан яна бир ташаббус: судьялар учун махсус психологик тренинг ўтказилмоқда
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан жойларда судьялар учун махсус психологик тренинг ўтказилмоқда. Машғулотлар профессионал психологлар томонидан олиб борилмоқда.
Бугун ана шундай машғулотлар Тошкент вилояти судлари судьялар учун ўтказилди.
Судьялик учун касбий маҳорат ва салоҳиятнинг ўзи камлик қилади, ушбу лавозим эгаси Шахс сифатида ҳам муайян талабларга ҳам жавоб бермоғи шарт. Чунки, судьяликнинг қирралари кўп: адоқсиз индивидуал характерга эга комуникатив алоқаларга киришиш, ижтимоий аҳамиятга эга ташкилий йўналишни аниқ белгилаш, юқори масъулият ва бошқа қатор омиллар ушбу касб эгасида зўриқиш, турли кўринишдаги стрессларга сабаб бўлиши эҳтимоли жуда катта.
Илғор давлатлар суд органлари судья ва суд ходимларига юқори даражада психологик ёрдам тизими йўлга қўйилган билан ҳам ажралиб туради. Зотан, фаолият самарадорлигида инсоннинг наинки жисмонан, балки руҳий барқарорлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўтказилаётган психологик тернинглар стресслар олдини олиш, ҳиссиётларни назорат қилиш, жасорат, қатъиятлик, ташаббускорлик, ўз хатти-ҳаракати учун масъулиятни чуқур ҳис қилиш каби кўникмалар янада мустаҳкамланишга хизмат қилади.
Бундай кўникмалар барқарорлиги эса одил судловни амалга оширишда катта аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан ўтган ойларда барча судлар судьялари психологик тестдан ўтказилганди.
Ўтказилаётган психологик тренинг бу борадаги ишларнинг узвий давоми ҳисобланади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати