Судьялар клубининг навбатдаги форуми: бу сафар ЖИБ судлари судьялари билан...

22 Декабрь 2022 19:27 824 Чоп этиш

Йил поёнига етгани сари  амалга оширилган ишлар сарҳисоби бошланиб, яқин келажакдагилари режалаштиришга туширилади.

Режалар, албаттаки, сарҳисобдан келиб чиқилади.

Бугун бўлиб ўтган Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг жиноят ишлари бўйича судлар судьяларининг форуми сарҳисобдан бошланди.

Қайд этилдики, клубнинг электрон платформасида йил давомида 904 та мавзу муҳокама қилинган. Яъниким, жиноят ишлари  бўйича  суд амалиётида  шунча масала ва уларнинг ечимлари  юзасидан 28 мингдан кўп муносабат ва маслаҳатлар қолдирилган.

 Айни рақамлар судьялар иш жараёнида озмунча ҳуқуқий жумбоқларга дуч келаётганини кўрсатади.  Айниқса, жазо тайинлашда колония турини белгилаш, Жиноят кодексининг 59-модаси (бир нечта жиноятлар учун жазо тайинлаш) ва 60-моддаси (бир нечта ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) қўллаш,  жазо тайинланганларга нисбатан колония турини танлаш, маъмурий назорат масалаларида  аниқ тушунтириш ва ҳуқуқий ечимга эҳтиёж  катта.    

Форумда шу ва шу каби масалалар ҳуқуқий ечими муҳокама қилинди ва зарур тушунтиришлар берилди. Шунингдек, Олий суд пленуми қарори шаклида раҳбарий тушунтиришлар ва қонунчиликни такомиллаштириш  зарурияти муҳокама этилди.

Шунингдек, судьялар дахлсизлиги таъминланишининг самарали механизмлари, Судьялар одоб-ахлоқ кодексига қўшимча киритиш ва тушунтиришлар бериш зарурияти юзасидан таклиф-мулоҳазалар ҳам ўртага ташланди.

Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон судьялар клуби моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўллаш юзасидан сўровларга тушунтириш бериш ваколатига эга бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда.

Судьялар клубининг асосий ишлаш платформаси унинг онлайн форуми бўлиб, бу республикамиздаги барча судьяларга ўзаро мулоқот қилиш имконини беради. Мулоқот натижалари бугунгидан тадбирларда муҳокама этилиб, муайян тўхтамга келиши эса суд амалиёти бир хиллаштиришга хизмат қилади.

Пировад мақсад ҳам шу.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech