Маъмурий судлар амалиётида нима гаплар?
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг навбатдаги форуми бўлиб ўтди.
Яна форумми, куни кеча бўлиб ўтмадими, дерсиз? Ҳақсиз. Рост, ўтган ҳафта Клуб худди шундай икки тадбир ўтказган эди, улар фуқаролик ва жиноят судлари судьяларининг машварати бўлиб, қандай масалалар муҳокама этилгани хабари берилганди.
Бу гал энди маъмурий судлар судьялари жам бўлдилар.
Қайд этилдики, маъмурий судларда кўрилаётган низолар тоифаси тобора кенгайиб бормоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида оммавий низолар бўйича жами 11.525 та иш кўриб чиқилган бўлиб, бу ўтган йилгининг шу даврига нисбатан 1,6 фоизга кўп демакдир. Кўрилган ишларнинг қарийиб учдан икки қисми мансабдор шахсларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишга оид, шунингдек, солиқ органлари қарори юзасидан низолашиш ҳолатлари ҳам кўпайган.
Қайд этилган рақамлар аҳолининг судга бўлган ишончи янада ортиб бораётганидан далолат қилади, албатта. Шу баробарида судьяларда бундай ишончга муносиб бўлмоқни ҳам талаб этади.
Йил бошидан буён Клубнинг онлайн-платформасида маъмурий судлар амалиётида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан 850 та (ўтган йили 137 та) та мавзу муҳокама этилиб, улар бўйича 21100 та (ўтган йили 969 та) муносабат қолдирилган.
Маҳаллий ҳокимлик, солиқ идоралари қарорларини ҳақиқий эмас, деб топишдан ташқари ер билан боғлиқ низолар, суд ҳужжатлари ижроси бўйича давлат ижрочиларининг қарорлари ёки уларнинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан судга киритилаётган аризаларни кўриб чиқиш масаласи судьялар ўртасида энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Форумда маъмурий судлар амалиётида юзага келаётган айрим ҳуқуқий ҳужжатлардаги бўшлиқлар, баъзиларидаги номувофиқликлар эҳтимоллари юзасидан фикр алмашилиб, уларнинг ҳуқуқий ечимлари муҳокама қилинди.