Тахмин-тусмоллар эмас, аниқ далиллар керак!
Фарғоналик блогер Ш.Эсанов ижтимоий тармоқ орқали Судьялар олий кенгашига мурожаат қилиб, ўзига нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни мазмунан кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси Ж. Хўжамбердиевнинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини билдиради.
Мурожаатда баён этилган ҳолатлар ўрганилганда суд мажлиси жараёнида судья томонидан “Судьялар одоби кодекси” талаблари бузилгани аниқланмади. Шунингдек, суд мажлиси ўз вақтида бошланмагани судга эмас, иш бўйича тарафлардан бирининг белгиланган вақтда ҳозир бўлмаганига боғлиқ экани ҳам ойдинлашди.
Мурожаатчининг суд мажлисида тингловчи бўлиб ўтирган икки нафар шахс унинг шаъни ва қадр-қимматини камситгани, бунга гўёки судья шароит яратиб берганлиги тўғрисидаги важларига ҳам қўшилиш қийин. Агар у ўз шаъни ва қадр-қиммати бошқалар томонидан камситилган деб ҳисобланса, бу ҳақда тегишли органга тўғридан-тўғри мурожаат қилишига ҳеч қандай монелик йўқ.
Судьянинг суд мажлисига тарафларни келтириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни ўз муддатида кўриб чиқишга қаратилган чора бўлиб, бу ҳол процесс иштирокчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига олиб келмаган.
Мурожаатдаги бошқа ҳолатлар муаллифнинг тахмин-тусмоллари бўлиб, улар инкор этиб бўлмас факт ва асосга эга эмас.
Cуд мажлисининг ўзига келсак. Унда блогер Ш. Эсановнинг Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасида (“туҳмат”) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиши натижасида жарима жазоси тайинланган.
Сўзимиз якунида суд қароридан норози тараф тегишли тартибда шикоят қилиши ҳуқуқига эгалигини эслатиш ортиқчалик қилмас.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати