Адолат тарозисининг уч палласи
Тарози-оғирлик кучи асосида жисмлар вазнини аниқлайдиган асбоб ҳисобланади. Оддий икки паллали тарози қадимги Бобилда милоддан аввалги икки ярим минг йилликда пайдо бўлган ва аста секин такомиллашиб борган.
Тарози ўлчов тарзида - ақл тарозиси билан тортмоқ, ақл билан баҳоламоқ маъносида ҳам келади. Ҳукмдорлар, хакамлар азал-азалдан адолат тарозибонлари саналиб келинган.
Амир Темур ўз салтанати қозиларига рамзий тарози палласини иккита эмас, учта паллали деб қарашлари зарурлигини, яъни ҳукм фатвоси учун қилмишга нисбатан жазо чораси белгилашда учинчи паллада ҳамиша айбланувчи шахс ҳам назарда тутилиши лозимлигини таъкидлаган.
Тарозининг уч палласи Амир Темур давлати туғросида, яъни гербида ҳам аксини топган.
Амир Темурнинг ҳуқуқий-сиёсий қарашлари, давлат бошқаруви тутуми ва тузуклари хусусида юзлаб тарихчи олимлар, шоир-у ёзувчилар минглаб асарлар яратган.
Амир Темур туғросидаги уч ҳалқа кўринишидаги рамзни Г.Клавихо таърифлаб, ушбу символни унинг туғи(байроғи)да, тамғаси(муҳри)да ва забт этган тангаларида ҳам кўрганлигини қайд этган.
Владимир Череванский “Икки тўлқин” номли китобида келтиришича, донишманд Маҳмуд Шаҳобга Амир Темур бобомиз “Адолатли жазо бериш учун нима қилмоқ керак?”, деб савол берадилар.
Маҳмуд Шаҳоб: “Сизнинг қозиларингиз жиноят ва жазони ўлчайдилар. Сиз уларнинг тарозусига учинчи паллани қўшиб, аввал жиноятчини, кейин жиноятни ва ниҳоят, жазони чамалаб ўлчашни буюринг. Шунда Сизнинг хукмингиз адолатли бўлади”, деб жавоб берадилар.
Донишманднинг жавобидан қаноат ҳосил қилган Амир Темур уни ўзига назоратчи қилиб тайинлайди.
Шундай қилиб, жазо тайинлашда жиноятчи шахс-инсоннинг кимлиги ҳам инобатга олинади, уч паллали тарози-Адолат рамзига айланади.
Жазо тайинлашда инсон омилини ҳисобга олиш, адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш бугунги кунда давлат раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан қайта-қайта кун тартибига қўйилаётган масаладир.
Уч паллали адолат тарозуси давлат раҳбарининг инсонпарварлик, жамиятда адолатни ўрнатиш ғояларига ҳамоҳангдир.
Шунга кўра, “Суд Фахрийси” кўкрак нишони ва “Ибратли судья” мукофотида уч паллали тарози белгиси тасвири берилиши мақсадга мувофиқ топилди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати