Юк кўтарган юзага чиқаверади
Муҳаббат Рабиева – сирдарёлик. Табиатан камтар ва ўта камгап. Лекин суд мажлисида “дело”ни у ёғидан кириб-бу ёғидан чиқади-да, ўта талабчан. Унга қараб, бир танда иккита инсон борми, дейсан: судья Рабиева билан аёл (она, бека) Рабиева бир-бирга ўхшамайди, хуллас.
Куни кеча, Судьялар олий кенгашида ўтган йил якунларига кўра, “Ибратли судья” мукофотини уялиб-қимтинибгина оларкан, микрофон тутган тележурналистлар олдида гап тополмай қолди: “во-ой, нима дейман?”. Тушуниш мумкин: мукофот ҳаяжони, устозлар салобати, боз атрофда ҳавас ва ҳайрат билан тикилган кўзлар... Бундай пайтда тилига сўз келмай олиши табиий. Тўғри, маълум ва бир қолипдаги гапларни такрорлашдан осони йўқ, яъники: “...бу мукофот судья сифатида зиммамга янада катта масъулият юклайди, одил судловни амалга ошириш учун ўз устимда тинимсиз ишлаб, рейтинг балларимни яна-да кўпайтириб...” ва ҳоказо, ҳоказо...
Бироқ Муҳаббатнинг ўзи камгап, мабодо, гапиргандаям бунақа “шаблон” сўзлардан қочади. Самимий чиқмайди-да.
Бу ёқда мухбирлар бир-бирига ажабланиб қарашади, денг: бу аёл ростдан... Олий суд судьясими?
Ҳа, Муҳаббат Рабиева ростдан Олий суд судьяси. Бу даргоҳга кеча ё бугун келмаган - беш йилдан буён Олий судда заҳмат чекяпти. Йўқ, “заҳмат” сўзини қўллаб, оширвормадик. Судьялик лавозими, номи минг жарангдор бўлмасин, турган-битгани заҳмат аслида. Аксарият судьяларнинг қирққа кирмай сочини қиров қўниши, элликка бормай юзига анжинлар нақш солиб улгургани - ҳаммасини айтиб-кўрсатиб турибди. Аёл судьяларга-ку, каррасига осонмас: биринчидан, эркаклар билан баб-баробарига ишлайди – жинс нуқтаи назаридан уларга ҳеч қандай имтиёз йўқ. Иккинчидан, оиладаги масъулият: аёллик ва оналик юмушлари...
Муҳаббат Рабиева ўн саккиз йилдан буён узлуксиз судьялик лавозимида ишлаб келмоқда. Ушбу лавозим миннати бошига тушганида йигирма бешда эди. Шундай: йигирма бешда – у пайтлар ҳозиргидек судьялик лавозими учун номзоднинг ёш ўттиз беш қилиб белгиланмаган, боз Судьялар олий мактабида бир йиллик мажбурий таҳсил олиш шарти ҳам йўқ эди.
Муҳаббат эплаб кетди. Эплаганики, уч йил фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судида ишлагач (бунгача фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судида суд мажлиси котиби, девонхона мудири вазифаларини бажарган), вилоят суди судьялигига олинди. Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилоят судида тўққиз йил ишлади. Шу икки-учта жумлада баён этилган Рабиеванинг меҳнат фаолиятига оид қисқа маълумот замирида қанча машаққатлар ётганини айтиш осон, ёзиш осон...
Муҳаббатнинг олий маълумот шаҳодатини олибоқ фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судида иш бошлаганида (2001 йил) ҳикмат бор экан. Айнан ўша йили ихтисослашувлар бошланиб, фуқаролик судлари алоҳида ҳуқуқий институт сифатида катта йўлнинг бошида турганди. Ҳар қандай янги институтнинг шаклланиши учун муайян вақт талаб қилади, бу жараённинг ўзига яраша мураккабликлари ҳеч кимга сир эмас.
Айтиш мумкинки, қаҳрамонимиз фуқаролик судлари билан баб-баробар шаклланди, тажриба орттирди ва шу йўналишда суяги қотди. Аввал туманда оддий суд ходими, сўнгра судья сифатида ишлади, вилоятда фаолиятини давом эттирди.
Бу орада турмушга чиқди...
Судья сифатида умумий ҳисобда ўн икки йил ишлагач, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси этиб сайланди.
Бугун у меҳнат ва оила ҳуқуқи ҳамда ер низолари бўйича катта тажрибага эга мутахассис, уч нафар фарзанднинг онаси...
...Ўтган вақт давомида кўп нарсалар ўзгарди, бироқ Муҳаббат Рабиевадаги камгап, фидоийлик ва меҳнаткашлик – ўша-ўша...
Сергап аёл қайси эркакка, маҳмадонаси қайси раҳбарга ёқибди, дейсиз? Шу боис ҳам қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғини - ошиғи олчи тушган эр, у меҳнат қилган даргоҳ етакчисини ходимдан ёлчиган раҳбар, деган гапда муболаға йўқ.
Юк кўтарган юзага чиқаверади, элда азиз бўлади, деган гап тўғри. Буни Муҳаббат Рабиева мисолида ҳам кўриб турибмиз. Жимгинага юриб, жимгина туриб, ўзига юклатилган вазифага ҳалол-пок, холис ва адолатли ёндошган инсон эл-юрт олдида қадр топаверади.
...“Ибратли судья” мукофотини топшириш маросимида бир қадар содда ва камтарлигидан айримлар ҳайратда қолиб, бироз ҳазил аралаш бу аёл ростдан Олий суд судьясими, дейишгани бор гап. Ўша ҳолатнинг эътиборга молик жойи шундаки, Муҳаббат Рабиева камгап ва камсуқумлиги билан айримларнинг судьялар ҳақидаги тасаввурларини ҳам парчалаб ташлади.
Мукофот муборак, самарали фаолият бардавом бўлсин...